Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ички ишлар органларида янги хизмат ташкил этилади

Ички ишлар органларида янги хизмат ташкил этилади

2019 йил 1 январдан эътиборан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ва тегишлича унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинди.

Мазкур тузилма ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида барпо этилади.

Пробация хизматига бир қатор муҳим вазифалар юклатилади. Жумладан, мазкур хизмат ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш бўйича фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этади.

Шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.

Назорат остидагилар, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашади.

Назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга оширади. Уларнинг шахсини ижтимоий-психологик портретини тузган ҳолда ўрганиб боради.

Янги тузилма сифатида ташкил этиладиган пробация хизмати моҳияти соддароқ қилиб тушунтирилганда, масалан, А. исмли шахс ўғирлик жиноятини содир қилди ва суднинг ҳукмига кўра, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Лекин суд содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, бу шахсга тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келиб, унга нисбатан шартли 2 йил синов муддати белгилади.

Бундай вазиятда судланувчига муайян вақт мобайнида етказилган зарарни бартараф қилиш, ишга кириш, яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриш, вақти-вақти билан келиб бу органдан рўйхатдан ўтиб туриш, муайян жойларда бўлмаслик, муайян вақтда яшаш жойида бўлиши каби мажбуриятлар ҳам юклатилади.

Пробация хизмати эса ушбу синов муддати давомида маҳкумга юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади. Унинг хулқ-атвори, қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаб боради ва профилактик чораларни амалга оширади. Бу эса ўз ўзидан шахсни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш имконини беради.

Пробация хизмати нафақат синов, балки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини ҳам назорат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг