Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳибсга олинган Гулжаҳон Йўлдошева билан суҳбат ташкил этилди

Ҳибсга олинган Гулжаҳон Йўлдошева билан суҳбат ташкил этилди

Фото: Маҳалла вазирлиги

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани билан боғлиқ шов-шувлар тинмаяпти. Аввалроқ Танзила Норбоева, Гулнора Маруфова ва Светлана Ортиқовадан «бош шифокор иши»га эътибор қаратиш сўралганди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳолатга муносабат билдиришга улгурди ва чирчиқлик бош шифокор ҳибсга олинишини маъқул иш деб ҳисобламаслигини айтди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам Г. Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши юзасидан ташвишдалигини билдирди ҳамда мазкур ҳолатга адолатли ва холис ечим топилишини исташини маълум қилди.

Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маруфова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири С.Азимовлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг 1-сонли тергов ҳибсхонасида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева билан Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм (МПМ) доирасида суҳбат ташкил этилди.

Суҳбат давомида Г. Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн. сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганлиги, ушбу иш бўйича суриштирув ўтказилиб, шифокор муаммолар ҳақида очиқ гапиргани, бундан ташқари тергов ва суддан яшириниши мумкинлигини инобатга олиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганлигини маълум қилган.

Бундан ташқари, Г.Йўлдошева, энг аввало, она эканлиги, 6 нафар вояга етмаган, жумладан, 2 ва 3 ёшли кичик фарзандлари борлиги, тергов ёки суддан яширинишга уринмаганлигини, шу билан бирга Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти юзасидан олиб борилаётган текширувлар ҳамда унга нисбатан юритилаётган суриштирув ва тергов жараёнларида бевосита ўзининг иштирокида холисона кўрилишини таъминлашда ўзига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартирилишида амалий ёрдам сўраган.

Ўтказилган суҳбат натижалари бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Омбудсман билан ҳамкорликда қонун доирасида ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда юқори суд инстанцияларига қўшма мурожаат қилишини, шу асосда Г. Йўлдошеванинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг