Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳайдовчилар диққатига! Жарималар борасида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда

Ҳайдовчилар диққатига! Жарималар борасида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг телеграм канали орқали маълум қилди.

Янги лойиҳага кўра:

— Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузишига (1286-модда) базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солинади. (Амалда бу базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бўлиб, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда эса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади).

— Транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш (123-модда) базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима белгиланмоқда. (Амалда бу базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда)

Янги лойиҳага кўра, ҳуқуқбузарликнинг ортиб бориши билан жарима миқдорларининг ҳам ортиб бориши бекор қилинмоқда.

— Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолганлик (137-модда) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ЙТҲнинг оғир ёки енгил даражасига қараб жарималар ҳам аниқлаштирилмоқда. Хусусан:

— Йўл транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши, агар йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Йўл транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши, агар йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган оқибатларга нисбатан оғирроқ оқибатни келтириб чиқарган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум этишга ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

(Амалда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум этишга ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади)

— Транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш (141-модда) базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. (Амалда бу базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда)

— Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш (147-модда) фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. (Амалда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса ўн баравари миқдорида)

Шунингдек, қонун лойиҳасига кўра, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик (54-модда) учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари, мансабдор шахсларга ўттиз баравари миқдорида жарима солинади. (Амалда бу фуқароларга йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда эди)

Лойиҳа депутатлар томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Унгача таклифлардан келиб чиқиб айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг