Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ер майдонларини ноқонуний эгаллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Ер майдонларини ноқонуний эгаллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Ер – стратегик жиҳатдан энг муҳим табиий ресурс. Шунинг учун ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланишда қонунийликни таъминлаш давлатнинг устувор вазифаларидан бири.

Қонунчиликда ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ундан хўжасизларча фойдаланиш ва ер ҳисобини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Амалдаги қонун нормаларида бундай ҳуқуқбузарлик учун қўлланиладиган жариманинг минимал ва максимал миқдорлари белгиланганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўпчилик ҳолатларда битта турдаги ҳуқуқбузарлик учун айбдорларга нисбатан турлича чора кўрилишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, ер муносабатларида ҳуқуқбузарлик сонининг ошиб бораётгани соҳадаги белгиланган минимал жарималарнинг таъсирчанлиги камлигидан далолат беради.

Хусусан, ўтган икки йил давомида 50 мингдан ортиқ ҳолатда 6 минг гектарга яқин суғориладиган ва 10 минг 400 гектар бошқа ер ўзбошимчалик билан эгалланиб, ноқонуний қурилишлар қилинган. Ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ қилмишлари учун 492 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Амалдаги маъмурий жарима миқдорлари ерларни ўзбошимчалик билан эгалланишининг олдини олиш бўйича етарлича тўсиқ бўла олмаётганлиги боис жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати туғилмоқда.

Шу боис ушбу масала юзасидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун амалда белгиланган жарималарнинг минимал миқдори чиқарилиб, фақат амалдаги максимал миқдори қатъий суммада қолдирилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун фуқароларга 3,67, мансабдор шахсларга 7,3 миллчион сўм, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўйганлик учун маъмурий қамоқ жазоси бекор қилиниб, жарима миқдори фуқаролар учун 4,9, мансабдор шахслар учун 12,2 миллион сўм белгилаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ер участкаси ва турар жойга бўлган ҳуқуқни ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаслик учун фуқароларга нисбатан 490 минг сўмгача бўлган жарима 1,2 миллион сўмгача кўтарилмоқда, шунингдек, жарима қўллаш ваколати суд, прокуратура ва солиқ органларидан кадастр органларига ўтказилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ноқонуний эгалланган ерларда қурилган биноларни электр, газ, иссиқлик, водопровод ва канализация каби ҳаётий муҳим коммуникация тармоқларига улаб берганлик учун жавобгарликнинг белгиланмаганлиги ерларни ўзбошимча эгаллашга имконият яратмоқда.

Шу сабабли, энди ўзбошимчалик билан эгалланган ерда қурилган иморатларни ушбу тармоқларга улаганлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланиб, уларга нисбатан 7,3 миллион сўмдан (фуқаролар) 17,1 миллион сўмгача (мансабдор шахслар) жарима жорий қилинмоқда.

Жиноят кодексида ҳам ер муносабатлари билан боғлиқ жазолар кучайтирилиши белгиланмоқда. Хусусан, такроран ерни ўзбошимчалик билан эгаллаганда айбдорга белгиланган жиноий жарима 24,5 дан 98 миллион сўмгача оширилмоқда. Шунингдек, суғориладиган ерларни қурилиш қилган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик (122,5 миллион сўмгача жарима, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси) жорий этилмоқда.

Шу билан бир қаторда, Жиноят кодексига янги 2296-модда киритилиб, унда суғориладиган ер участкаси ёки унинг қисмига бўлган ҳуқуқни сотганлик ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун 122,5 миллион сўмгача жарима, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жиноий жазоси белгиланмоқда. Ушбу жиноий қилмиш кўп ёки жуда кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар, жиноий гуруҳлар, такроран ёки рецидивист томонидан ёхуд хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилганлигига қараб янада оғирроқ (энг кўпи 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жазоланиши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳадаги яна муҳим бир ўзгартиш «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга киритилмоқда, унга кўра фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар халқ депутатлари Кенгаши қабул қилган ҳужжатлар устидан судга шикоят қилишлари мумкин бўлади.

Ер муносабатларида ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришдан мақсад – ерларни ноқонуний эгаллаш, улардан хўжасизларча фойдаланиш каби салбий ҳолатларни олдини олиш орқали соҳада қонунийликни таъминлаш ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси билан regulation.gov.uz да танишиш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг