Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Effect.uz» вакили Миллий гвардия ходими талабини бажармагани учун жавобгарликка тортилган – манба

«Effect.uz» вакили Миллий гвардия ходими талабини бажармагани учун жавобгарликка тортилган – манба

Фото: Xabar.uz

«Effect.uz» сайти ходими Элёр Тожибоев шу йилнинг февраль ойида маъмурий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди. Манбага кўра, у Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖТК) 1941-моддаси 1-қисмида (Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Воқеликка кўра, Э.Тожибоев ўтган йилнинг 17 ноябрь куни Фарғона вилояти судига келиб, ўзини «Effect.uz» ахборот агентлиги журналисти эканини айтиб, бир фуқарога оид жиноят иши кўрилишида аудио ва видео тасвирга тушириган ҳолда иштирок этишини билдиради. Бунга жавобан, судья ёрдамчиси, бу масала суд процессида тарафларнинг фикрини олган ҳолда суд мажлисига раислик этувчининг рухсати билан ҳал этилиши айтади. Бироқ Э. Тожибоев ўша жойда видео камерасини ёқиб, «менга ҳеч ким қаршилик қилаолмайди», дея ўз хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси 2-алоҳида отряди 1-гуруҳ сафдор ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасдан, суд биносининг кириш жойида ўрнатилган тўсиқдан (турникет) ошиб ўтиб, ичкарига кириб кетади...

Суд қарорида қайд этилишича: «...Э.Тожибоев ишни кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида белгиланган тартибда чақирув хатлари юборган бўлса-да, суд мажлисига келмагани боис... иш унинг иштирокисиз» кўриб чиқилган. Шунингдек, «... у содир этган ҳуқуқбузарлик жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда иш материалларида мавжуд бўлган ва судда текширилган баённома ҳамда бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ» тасдиқланган.

Суд қарорига нисбатан Э. Тожибоев шикоят берган-бермагани хусусида маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, «Effect.uz» сайти ходимлари (жумладан, Э. Тожибоев) шу йилнинг январь ойида жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди фаолиятига оид лавҳа тарқатиши ортидан жамоатчилик эътиборига тушганди. Мазкур ҳолатни «...журналист одобига зид хатти-ҳаракат, суд мустақиллиги ва судья дахлсизлигига очиқдан очиқ тажовуз ва ҳурматсизлик», дея баҳолаган Судьялар олий кенгаши вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, Бош прокурорга тақдимнома киритади.

Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилади. Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган «Effect.uz» ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлашгани ортидан уларга нисбатан қидирув эълон қилиниб, суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси белгиланади.

Жорий йилнинг 10 март куни қўлланилган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан «муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат» тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилади.

Айни пайтда «Effect.uz» ходимларига нисбатан юритилаётган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунига етган.

Э. Тожибоев ва бошқаларга оид жиноят иши судда мазмунан кўриб чиқилиши арафасида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг