Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ ҳибсхонасида қийноқ қўлланилгани айтилмоқда. Прокуратура ҳолат юзасидан баёнот берди

ДХХ ҳибсхонасида қийноқ қўлланилгани айтилмоқда. Прокуратура ҳолат юзасидан баёнот берди

Фото: «Daryo»

«Daryo» интернет нашрида «Агар молга бизни қийнагандек азоб беришса, у ҳам гапириб юборарди. «Кондесат иши»да айбланаётган қашқадарёликлар ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини айтди» сарлавҳали мақола чоп этилди.

Қайд этилишича, очиқ суд мажлисида «конденсат иши»да айбланаётган Алишер Гулистонов ва Дилшод Умаров ДХХ тергов ҳибсхонасидаги тергов жараёнида қийноққа солингани, соатлаб қўлидан осиб қўйилиб, руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини, агар «терговчиларнинг айтганини қилмаса, отаси ва акасини қаматиб юбориш билан қўрқитгани»ни айтган.

Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси ахборот хизмати баёнот берди.

Баёнотда келтирилишича, вилоят прокуратураси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимларидан иборат тергов гуруҳи томонидан ўтказилган дастлабки терговда Н.Нормуродов Муборак туман ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари М.Саидмуродов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари раҳнамолигида мунтазам равишда «Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш» бошқармасига қарашли қувурларни тешиш йўли билан газ конденсат ва нефть хом-ашёсини ўғирлик йўли билан талон-торож қилиш билан шуғулланиб келувчи Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида яшовчи фуқаролардан иборат уюшган гуруҳ ташкил этиб, 2019 йилда 6 та ҳолатда жами 240,1 тонна газ конденсат ва нефть хом-ашёсини ўғирлик йўли билан яширин равишда талон-торож қилишганлиги аниқланган.

Терговда уюшган жиноий гуруҳнинг 31 нафар аъзосига ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми «а», «в» бандлари ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, 10 нафарига қамоқ, қолганларига қамоқ билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чоралари қўлланилган. «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида қамоққа олинганлар Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати органларининг тергов ҳибсхоналарида сақланиши кўрсатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида уюшган гуруҳ фаолиятида ички ишлар органлари ходимлари иштироки аниқланганлиги, терговнинг холисона ўтказилиши, тергов сирининг фош этилишини олдини олиш мақсадида қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган айбланувчилар Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармасининг тергов ҳибсхонасида сақланган. Терговда айбланувчиларнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, улар билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари ҳимоячилари иштирокида ЖПКнинг 91-моддасига асосан видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилган бўлиб, айбланувчиларга 24 маротаба ҳимоячилари билан ҳоли учрашишлари, ўрнатилган тартибда 8 маротаба яқин қариндошлари билан учрашишлари ва 7 маротаба телефон орқали сўзлашишлари таъминланиб, ҳар 3 кунда тиббий кўрикдан ўтказиб борилган. Шунингдек, тергов органи томонидан ЖПКнинг 142-моддасига асосан қамоқда сақланган айбланувчилар билан ҳимоячилари иштирокида гувоҳлантириш тергов ҳаракати ўтказиб борилиб, уларда тан жароҳатлари аниқланмаган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармасининг тергов ҳибсхонасида видеокузатув воситалари ўрнатилган бўлиб, қамоққа олинган айбланувчиларга нисбатан тергов ҳибсхонасида жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилмаган.

Ҳозирда жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида кўриб чиқилмоқда. Айбланувчиларнинг уларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилганлиги ҳақидаги важларига суд томонидан ҳам ҳуқуқий баҳо берилади, – дейилади прокуратура баёнотида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг