«Чироқчи ва Андижондаги ҳолатлар барчамизнинг ёдимизда» — Танзила Норбоева
Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида бир қатор масалалар муҳокама қилинмоқда.
Сенат раиси Т.Норбоева ялпи мажлисда кўриб чиқилган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага юборилган парламент сўрови натижалари бўйича муносабатини билдирди.
– Мазкур масала алоҳида эътибор талаб этадиган, мамлакатимизда жуда ҳам аҳамиятли бўлган долзарб масалалардан ҳисобланади, – деди Сенат раиси. – Сир эмас, ушбу мавзу узоқ йиллар давомида Ўзбекистон учун жуда оғриқли бўлиб келган. Бугунги кунда бутун дунёга «Янги Ўзбекистон» сифатида танилмоқдамиз. Бунинг замиридаги энг асосий мақсад – инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари турибди. Давлат халқ учун, мамлакатдаги ҳар бир инсоннинг фаровонлиги учун ишлаши асосий мезон қилиб белгиланди, инсоннинг шаъни ва қадри асосий қадрият сифатида кўрилмоқда.
Сўнгги йилларда қийноқларга йўл қўймаслик борасида кўплаб тизимли ишлар қилинди. Шунга қарамасдан, бу муаммодан буткул халос бўлдик, дейишга ҳали эрта.
Чироқчи, Андижондаги ҳолатлар барчамизнинг ёдимизда, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун жуда кенг қамровли комплекс ёндашув керак. Бунда нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ, кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатлари талаб этилади. Шу ўринда мазкур масала Сенатнинг доимий назоратида бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter