Бухорода инспекторга «калла қўйган» шахс қамалди
Ички ишлар профилактик инспекторига фаол қаршилик қилиб, унга жисмоний куч ишлатган қоракўллик шахс суд ҳукми билан бир йилга қамалди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Жалол Садиров маълум қилди.
Суд ҳужжатларига кўра, Қоракўл туманининг «Мирзақалъа» маҳалласида яшовчи 33 ёшли Отамурод Дўммиев якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган. 2013 йилда қўшни маҳалладан уйланган. Улар уч нафар фарзанд кўришгач, ўзаро келишмовчилик сабабли 2022 йилда ажралишган. Фарзандлари учун алимент тўлаб келаётган Отамурод шахсий келишмовчилик сабабли собиқ аёли ва унинг онаси билан ўзаро жанжаллашган. Ва у ҳуқуқбузарлик содир этган. Ҳолат юзасидан профилактика инспектори томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга оширилган. Отамурод Дўммиевнинг ҳатти-ҳаракатлари Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди томонидан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига кўра, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси қўлланилиб, етти сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Суд ҳукми ўқиб эшиттирилгач, айбдор ҳукмдан норози бўлиб, суд залида бақир-чақир қилган. Жаҳл қилиб, тартибсизлик содир этаётган шахсдан масъуллар тинчланишни сўрашган. Бироқ, у ўз хатти-ҳаракатида давом этган. Айни шу жараёнда унинг қўлига кишан солмоқчи бўлган Қоракўл туман ИИБ профилактик инспектори Шерали Норқуловга нисбатан куч ишлатган. Инспекторнинг юз соҳасига боши билан бир маротаба зарб билан уриб, унга тан жароҳати етказган.
Бу ҳолат Отамурод Дўммиевга нисбатан қўлланиладиган жазо чорасининг кучайтирилишига сабаб бўлган.
«Маъмурий жазо олган фуқарога кейинги суд ҳукми билан жиноий жазо қўлланилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 219-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилди. Айбдор суд залидан қамоққа олинди ва у жазони манзил-колонияларда ўташи белгиланди», дейди суд раиси Жалол Садиров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter