Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бугун судьялар бошқача кўринишда бўлди. Ёки Олий суд Пленуми қарори ҳазилакам ҳужжат эмас (фото)

Бугун судьялар бошқача кўринишда бўлди. Ёки Олий суд Пленуми қарори ҳазилакам ҳужжат эмас (фото)

Фото: «Xabar.uz» / Фаррух Алиев

Бугун, 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.

Бу галги Пленум мажлисининг оммавий ахборот воситалари (ОАВ) учун айрича аҳамияти бор. Зеро, унда бошқа масалалар қатори «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди.

Бу анчадан буён пишиб-етилиб келаётган масала эди. Негаки, суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида объектив ахборот бериш бугуннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Зеро, жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишида одил судлов муҳим ўрин тутади. Ўз-ўзидан равшанки, бу борадаги вазифаларни ОАВсиз амалга ошириш қийин.

Шу боис кейинги йилларда суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида жиддий салмоқли ишлар амалга оширилди. Айни жараён изчилик билан давом эттирилаётганига кенг жамоатчилик гувоҳ. Айниқса, Олий суд ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун турли тадбирлар уюштирилаётгани алоҳида эътиборга молик. Турли семинарлар, пресс-турлардан ташқари, ҳар ойда бир марта соҳага ихтисослашаётган журналистлар учун олий маҳкамада ўқув-машғулотлари йўлга қўйилган. Бундай амалий ҳаракатлар натижасида ҳуқуқий журналистика тобора шаклланиб келмоқда.

Пленум қарори лойиҳасининг оммавий ахборот воситалари учун аҳамиятли жиҳати шундаки, унда соҳа вакилларининг судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш масалалари тартибга солинган қонун ҳужжатлари бўйича муҳим тушунтиришлар берилган. Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда ОАВ вакиллари фаол жалб этилиши, унинг бугунги муҳокамасида суд ходимларидан кўра журналистларга кўпроқ сўз берилиб, билдирилган фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор қаратилгани эътирофга лойиқ ҳолатдир. Бу бир томондан, тизим ўз фаолиятида очиқлик ва ошкорликка жиддий эътибор қараётганига яна бир бор далолат қилса, иккинчи томондан, мазкур қарор суд тизими ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро муносабат ва самарали ҳамкорликнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига ҳуқуқий замин яратади. Сирасини айтганда, судлар фаолиятига доир ахборот ҳуқуқини таъминлаш Олий суд Пленуми қарори даражасида кўрилаётганининг ўзи ҳазилакам гап эмас. Негаки, Пленум қарорининг қуввати қонун билан баробар. Чунки, унда (Пленумда) суд амалиётини умумлаштириш материаллари кўрилиб, қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар берилади. Қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича Олий суди Пленумининг тушунтиришлари эса судлар ҳамда (ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган) бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурий ҳисобланади. Шундай экан, қарор лойиҳаси иложи борича пишиқ-пухта, турли тушунмовчилик ва иштибоҳларга ўрин қолдирмайдиган даражада бўлиши талаб этилади. Шу маънода бугунги муҳокама баҳс-мунозара, таҳлил ва мулоҳазаларга бой тарзда ўтиши табиий эди. Шундай бўлди ҳам.

Пировардида, қарор лойиҳаси асос учун қабул қилиниб, билдирилган таклиф-мулоҳазалар асосида ишчи гуруҳи томонидан яна бир бор кўриб чиқиладиган бўлди.

Яна бир гап. Бугунги Пленум мажлисида тарихий ҳолат кузатилди: унда судьялар илк марта судьялик мантияси (либоси) билан иштирок этди. Рости, мантия судьяларга алоҳида салобат бахш этибди...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг