Бош прокуратура «бош шифокор иши» бўйича яна бир марта баёнот бериши кутилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева масаласида яна бир марта баёнот берилиши кутилмоқда.
Маълумки, Г. Йўлдошева ҳисбга олингани ҳақида шу йилнинг 10 сентябрь куни хабарлар тарқалганди. Шу куннинг ўзидаёқ Бош прокуратура матбуот хизмати тарқалган хабарларни тасдиқлаб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилгани, айбланувчининг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетиши ёки далилларни йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, 9 сентябрь куни «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилганини билдирди.
Шунга қарамай, ўтган бир ойдан буён «бош шифокор иши» билан боғлиқ шов-шувлар тингани йўқ. Бу орада Чирчиқ шаҳар прокурори ОАВ орқали чиқиш қилди. Прокурорнинг айбсизлик презумпциясига зид равишда, боз ҳали тергов ҳаракатлари якунига етмаган «дело»ни бир томонлама оммага «дастурхон қилгани» эса жамоатчиликнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлди. Ўз навбатида, Г. Йўлдошеванинг адвокати бунга гўёки жавоб тариқасида унинг айбсиз экани, тергов ҳаракатлари нохолис ва бир томонлама олиб борилаётганини баён қилди. Шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова ва Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовадан «бош шифокор иши»га эътибор қаратиш сўралди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Г. Йўлдошева «иши»га муносабат билдириб, унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланганини маъқулламаслигини билдирди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам жим тургани йўқ. Вазирнинг биринчи ўринбосари Г. Маруфова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири С.Азимов билан бирга ҳибсдаги Г. Йўлдошева билан учрашди. Шу ҳақда вазирлик тарқатган хабарда Г. Маруфова ҳам олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси бўлган бош шифокорнинг ҳибсда сақланаётганидан ташвишда эканини билдириб, унга қонун доирасида ёрдам кўрсатилажаги маълум қилинади.
Бош прокуратура матбуот хизматидан кутилаётган баёнот «бош шифокор иши» атрофида бўлаётган шов-шувлар, давлат ва жамоат арбобларининг нуқтаи назарларига муносабат ўлароқ янграши эҳтимоли катта.
Кутамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter