Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бева аёл пенсияга чиқиш учун турмуш ўртоғининг иш стажидан фойдаланса бўладими?

Бева аёл пенсияга чиқиш учун турмуш ўртоғининг иш стажидан фойдаланса бўладими?

Фото: «Asr.uz»

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига: эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади. Қонунчиликда ўзганинг иш стажидан фойдаланиш назарда тутилмаган.

Бироқ юқоридаги қонуннинг 19-моддасига асосан вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ҳамда ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса, пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.

Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Юқорида келтириб ўтилган низомга асосан боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

— пенсия тайинланаётган шахснинг ёшини тасдиқловчи туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт;

— оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ бекор қилингани тўғрисидаги гувоҳнома, у бўлмаган тақдирда — фуқаролик ҳолати далолатномаларидаги ёзувдан кўчирма, ваколатли ташкилотларнинг ёки хорижий давлатлар мансабдорларининг маълумотномаси);

— боқувчининг вафот этгани тўғрисидаги гувоҳнома ёки унинг бедарак йўқолгани тўғрисида суднинг қарори;

— вафот этган боқувчининг иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

— вафот этган боқувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (2005 йил 1 январдан кейин);

— вафот этган боқувчининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бева аёл пенсияга чиқишда эрининг иш стажидан фойдалана олмайди, бироқ боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг