Аскар уйига тобутда қайтди. Бош прокуратура ҳолатни текширади
Шу йилнинг апрел ойида Тошкент вилоятидан Қашқадарёга армия сафига тантанали равишда кузатиб қўйилган Руслан Қидиралиев бир ярим ой ўтиб уйига тобутда қайтди.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига «юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози» сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда «ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши» кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.
Kun.uz нашри суриштирувига кўра, марҳумнинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. «Агар ўғлимизда қандайдир сурункали касаллик бўлганида бу тиббий кўриклар вақтида аниқланар ва уни ҳарбий хизматга олишмасди», дейишмоқда марҳумнинг ота-онаси.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг қайд этишича, «Қашқадарёдаги ҳарбий қисмда хизматни ўтаётган аскар вафот этганлиги ҳолати юзасидан Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилади ва натижаси ҳақида қўшимча хабар қилинади».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter