АОКА «Дарё» мухбири ва ИИБ ходими ўртасидаги воқеа юзасидан баёнот берди
16 апрель куни «Дарё» интернет-нашрининг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Отабек Қўлдошев ҳамда Қарши шаҳар ИИБ ходими ўртасида рўй берган воқеа Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўрганиб чиқилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат акс этган видеолавҳада ички ишлар органи ходими журналистга нисбатан амалдаги бир нечта қонун нормаларини қўпол равишда бузган.
Хусусан, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасига кўра, давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим, 14-моддада эса журналистнинг ушбу қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Шунингдек, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунининг 9-моддасида «Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, ...оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга ошириши» зарурлиги белгиланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Агентлик ўз ваколати доирасида Ички ишлар вазирлигига сўров юборди.
АОКА айни пайтда давом этаётган хизмат текшируви натижаларини синчковлик билан кузатиб боради. Ишонамизки, Ички ишлар вазирлиги амалдаги қонунчилик нормаларини четлаб ўтган ходимнинг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо беради ҳамда тегишли чора кўради.
Таъкидлаш жоиз, бу каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги давлат сиёсатига зиддир. Агентлик, ўз ўрнида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter