Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда сохта «загранпаспорт» тайёрлаган ИИБ ходими суд қилинди

Андижонда сохта «загранпаспорт» тайёрлаган ИИБ ходими суд қилинди

Фото: Xabar.uz

Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа суди томонидан ўндан ортиқ фуқарога сохта хорижга чиқиш паспорти тайёрлаб берган собиқ ички ишлар ходимига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Андижон вилоят судига таяниб «Дарё» хабар берди.

Аниқланишича, Хўжаобод туманида яшовчи А.Х. 2017 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг февралига қадар Хонобод шаҳар ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи инспектори ҳамда Қўрғонтепа туман ИИБ ҳузуридаги 13-, 15-сон ички ишлар бўлинмалари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи инспектори лавозимида ишлаган.

Фаолияти давомида зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармасдан, мансаб ваколатларидан фойдаланиб, хорижий давлатларнинг миллий қонунчилигида белгиланган қоидаларни бузгани учун ушбу давлатлардан чиқариб юборилган (депорт қилинган) ва муайян муддатга кириши тақиқланган Ўзбекистон фуқароларига бошқа шахсларга тегишли биометрик паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда сохта хорижга чиқиш паспортларини тайёрлаб берган.

А.Х. дастлаб 2019 йилнинг октябрь ойида Асака туманида хизмат сафарида бўлган пайтда жиноий шериги М.М. орқали танишган Х.Х. га «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зид равишда унинг номига сохта хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб берган.

Шунингдек, у 2020—2021 йиллар давомида фуқаролар Ш.С., И.Т., Д.Х., Г.Қ., Ж.Н., М.Ў., Х.Б., Н.Б., А.Н. ҳамда М.И.га бошқа ҳамкасбларининг логин-пароллари орқали компьютер базасидаги «Загран» дастурига бошқа фуқароларнинг маълумотларини киритиш йўли билан сохта «загранпаспорт»лар тайёрлаб берган.

«Ҳаракатларим қонунга зид эканини яхши билган бўлсам-да, энг аввало нафсимни жиловлай олмасдан, шунингдек, танишим М.М. билан ўша пайтдаги муносабатлари самимий бўлгани ва унинг қаттиқ илтимос қилгани учун ҳам юқоридаги фуқаролар номига сохта хорижга чиқиш биометрик паспортларни тайёрлаб бердим.

Бунинг учун ҳеч қандай пул ёки мулк кўринишида манфаатдор бўлмаганман. М.М. нима сабабдан юқоридаги фуқароларга сохта паспорт тайёрлаб берганим учун турли миқдорда пул маблағлари бергани тўғрисида кўрсатувлар бераётганини тушунмаяпман. У кўрсатувлари орқали менга туҳмат қилмоқда. Юқорида номига айтиб ўтилган фуқаролар билан фақатгина улар суратга тушиш учун келишган пайтда кўришганман. Уларнинг барчаси М.М. ва А.Н.лар орқали келган. Қолган вақтларда улар билан умуман кўришмаганман. Ҳаракатларим вилоят ИИБ томонидан аниқлангандан сўнг, ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текшируви якуни бўйича ишдан бўшатилдим. Шунинг ўзи мен учун оғир жазо ҳисобланади», — дейди судланувчи.

А.Х.ни Жиноят кодексининг 205-моддасининг (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми ва 209-моддасининг (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди билан айбли деб топилган. Унга нисбатан уч йил муддатга ички ишлар идоралари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда узил-кесил ўташ учун 10 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

Шунингдек, судланувчи зиммасига оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар юкланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг