Андижонда блогер қамалди. Бу «заказ»ми ёки вазият тақозоси?

Кеча, таъбир жоиз бўлса, Андижонда арининг уясига чўп тиқилди. Кечадан буён ижтимоий тармоқлар портлаёзди: фаол блогер Отабек (Абдуфатто) Нуритдинов 15 суткага қамалди!
У вилоят маъмурий суди томонидан туҳмат, ҳақорат ва майда безориликка оид ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор деб топилди.
Маҳаллий бюджет сарфи, таълим, сайлов ва бошқа мавзудаги чиқишлари билан кўзга ташланиб қолган Отабек Нуритдиновнинг маъмурий қамоқ жазосига тортилиши вазият тақозосими ёки кимнингдир буюртмаси?
Блогер фаолиятидан келиб чиқилса, иккинчи тахмин тош босиши эҳтимоли катта. Зеро, ижтимоий тармоқларни танқидий фикрлари билан безаб келаётган шахс бировга, хусусан, амалдорларга ёқмаслиги табиий. Гап суд қарори билан жазо чораси кўрилган шахс ҳақида кетар экан, тахминларга таяниб, фикр айтиб бўлмайди, албатта. Бироқ оддий мантиқ блогернинг қамалиши «вазият тақозоси» эканига изн бермаяпти барибир.
Нега?
Келинг, қўйилган айбловлар асосли ёки ассосизлиги ҳақида индамайлик-да, воқелар ривожини мантиққа асосланиб кузатайлик.
Фуқаро Б. Каҳҳоров О. Нуритдинов устидан Асака тумани ИИБга 30 декабр соат 10.30да мурожаат қиляпти. Айтишича у «...туман молия бўлими маъмурий биносидан чиқаётган пайтда О. Нуртдиновни кўриб қолиб, унга ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот ҳақида ижтимоий тармоқларда асоссиз маълумотлар тарқатаётганини тушунтираётганда (О. Нуритдинов уни) ҳеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан хақорат» қилиб ташлабди.
Тушунарли, хўп. Давом этамиз.
Б. Қаҳҳоровнинг аризаси зудликда ИИБ навбатчилик қисмидаги шакл-1 китобига
№403 сон билан қайд қилинади ҳамда дарҳол суриштирув ишлари бошланади. Суриштирув ишлари ҳудудий пофилактика инспекторига эмас, туман ИИБ Т ва ЭҚКБ бошлиғи капитан У.Ўтбосаровга юклатилади.
Майли, бунисигаям қўшилдик.
Шундан сўнг бирин-кетин бошқа жабрланувчилар ҳам пайдо бўла бошлайди: фуқаро Э.Якубов блогер шу йилнинг 4 август куни ижтимоий тармоқ орқали «...фуқароларни хокимият вакилларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотувчи, уларни обрўсизлантириш, шунингдек вилоят хамда туман ҳокимларига нисбатан туҳмат ва бўҳтондан иборат бўлган маълумотларни» тарқатганини айтса, М.Исақова 18 октябр куни ўзини «...шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, тухмат қилганлиги, у ва унинг жамоасини «коррупцион очаг» деб ҳақорат қилганлигинини» билдиради. Бундан ташқари Андижон шаҳрида яшовчи Ф.Бузруков эса 7 октябрь куни О. Нуритдинов тармоқ орқали «Охирги пайтларда Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруков устидан шикоятлар кўпаймоқда. Яқин кунларда ушбу оёғи ердан узилган амалдор хақида мақола чиқариб, ерга тушириб қўямиз. Сен халқни назарингга илмасанг, халқ хам сени назарга илмайди», деган мазмунда ҳақоратомуз гаплар тарқатганини билдиради...
Эътибор берсангиз, Б. Қаҳҳоровдан ташқари қолган уч жабрланувчи август ва октябрь ойларида ўзлари ҳақоратланганини айтишмоқда. Оддий савол: мана, декабр оёқлади, шу чоққача улар тегишли органга мурожаат қилмай қаерда «лайлак ҳайдаб» юришганди?
Бу савол жавобини уларнинг виждонига ҳавола этиб, сўзимизда давом этсак.
Воқеалар силсиласи ички ишлар органи ходимлари ва суд кеча соат 11га яқин бошлаган «Нуритддинов иши»ни беқиёс тезкорлик билан якунига етказганини кўрсатади:
1. Блогернинг устидан ариза ёзилиб, қайддан ўтказилди;
2. Дарҳол суриштирув ишлари бошланиб, бир эмас, тўртта жабрдийда топилиб (уларнинг бири Асакадан камида 20 км. узоқдаги Андижон шаҳрида яшайди!), улардан тушунтириш хати олинди;
3. Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, «дело» охирига етказилди;
4. Мазкур «дело» билан туман ИИБ бошлиғи Н. Билолохунов синчиклаб танишиб, ҳатто тасдиқлашга улугурди;
5. Туман прокурори ҳам «дело» ни ўрганиб чиқиб, ИИБ қарорини қонуний деб хулоса берди.
6. Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш Асака туманига эмас, Андижон вилояти (!) маъмурий судига юборилди!
7. Шу куннинг ўзида (!) суд мажлиси ўтказилиб, Отабек Нуритдинов 15 суткага тиқиб қўйилди!
Бундай тезкорликни тасаввурингизга сиғдира оляпсизми?!
«Дело»ни Андижон вилоят маъмурий судининг раиси М. Мирзамаҳмудов шахсан кўриб чиққанида «рамзий маъно» бордай...
Нега денг?
Суд қарорига нисбатан О. Нуритдинов шикоят бериши мумкин. Шундаям унинг иши шу вилоят судининг ўзида кўрилади. Яна оддий мантиққа мурожаат қилсак, раиснинг қарорини қўл остидаги судьялардан иборат ҳайъат бекор қилиши ё ўзгартириши мумкинми?
Қаёқда!
Яна. Отабек Нуритдиновнинг айни янги йил арафасида, 30 декабр куни «обкириб» қўйилишидан ҳам «рамзий маъно» кўринади. Бугун 31 декабр, кўп ташкилотларда байрам, гижа-банг - базми жамшид: ярим кун ё ишланади ёки йўқ. Эртадан эса дам олиш кунлари бир-бирига уланиб кетади...
Қисқаси, «иш» вилоят судида кўрилиб (натижасини тахмин қилиш қийинмас!), то Олий судга етиб келгунча Отабек Нуритдинов тайинланган жазони ўтаб улгуриши эҳтимоли катта.
Демак, сарлавҳага чиқарилган саволга иш Олий судда кўрилиб, бир тўхтамга келингандан кейингина жавоб топиш мумкин.
Ҳозирча, мутасаддиларга инсоф, Отабекка сабр тилашдан бошқа чора йўқ.
«Xabar.uz» мавзуга қайтади, насиб...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter