Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ажаб савдолар: Қўқонда суди бўлаётган шахс Олмалиқда қамоққа олинди

Ажаб савдолар: Қўқонда суди бўлаётган шахс Олмалиқда қамоққа олинди

Фото: «News.nashbryansk.ru»

Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон бўлишингиз аниқ: Қўқонда суди бўлаётган шахс қандай қилиб Олмалиқда қамоққа олиниши мумкин? Икки шаҳарнинг ораси яқинмас, боз устига, ўртада катта довон бор!

Ё судланувчи қочиб кетганмиди?

Хотирингиз жам бўлсин: судланувчи ҳеч қаёққа қочмаган. Агар унинг қочиб яшириниши ёки жиноий ишини давом эттириши эҳтимоли бўлганида Қўқондаёқ «тиқиб» қўйилган бўларди-да.

Қисқаси, савдо қоидаларини бузиш (189-модда) ва солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (184-модда) билан айбланиб, «иши» судга оширилган қўқонлик Аваз Зунунов судга қатнаб юрганди. Унга нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, жиноят оқибатида етказилган зарарларни қисман қоплаган, суд якунини интизорлик билан кутаётганди денг.

Кутилмаганда ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб кетди.

Шу йилнинг 7 ноябрь куни уни Қўқон шаҳар ИИО ФМБга чақиришди. Битта чақирувдаёқ оёғини қўлига олиб етиб борган А. Зунуновнинг қўлига кишан солиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига равона қилинди. Эртасига Олмалиққа жўнатилди.

Нега?

Гап шундаки, Олмалиқ прокуратурасида тергов қилинаётган «иш»да унинг номи ҳам зикр этилаётган экан. Шундан келиб чиқиб, прокуратура терговчиси унга қўнғироқ қилиб, ҳузурига келишини талаб қилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида «иши» кўрилаётгани боис «ипсиз боғланган» А. Зунунов Олмалиққа бориш имконияти йўқлигини айтади. Бундай жавобдан қониқмаган терговчи эса унга «кўрсатиб қўйиш» учунми ёки «дело»нинг муддати ўтишидан хавфсирабми, ишқилиб, прокурорнинг қўли билан судга илтимоснома киритади: «А. Зунунов терговдан қочиб, яшириниб юрибди, уни ушлаб, қамоққа олиш керак». Шу мазмундаги илтимосномани жиноят ишлари бўйича Олмалиқ суди қаноатлантириши натижасида икки кунга қолмай у Олмалиқ шаҳар прокуратураси терговчиси олдида турибди-да. Яна денг, қўлига кишан солинган ҳолда!

Ўтган икки куннинг тенг ярми Қўқондаги ҳибсхонада ўтиргани ва Олмалиққа олиб келишга кетгани ҳисобга олинса, унинг «терговдан қочиб юргани» шунчаки сафсата экани ойдинлашади...

Бу ўринда гап А. Зунуновнинг айбсиз ёки айбдорлиги ҳақида кетаётгани йўқ. Гап тергов органининг айбланувчига нисбатан муносабати хусусида бормоқда.

Шахсни қамоққа тиқишга бунча ишқивоз бўлинмаса, а?! «А» деса, «ма» деб, «тиқиб» қўйиш бугунги кунда ўтказилаётган ислоҳотлар талабига мос келадими? Оғир ёки ўта оғир жиноятда гумон қилинаётган бўлса, кошки...

Ҳозир ғалати манзара ҳосил бўлган: судланувчини Қўқонда кутишяпти, айтилганидек, унга нисбатан суд аллақачон бошланган, белгиланган муддат якунига етиши керак. Судланувчи эса Олмалиқда «ўтирибди» — «терговдан қочиб юрибди» деган қўлбола асос билан.

Битта одамни иккига бўлиб, ярмини шу ерда қолдирган ҳолда қолган бўлагини довон ортига жўнатишнинг эса иложи йўқ.

Икки ўртада оила овора, сарсон...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг