Адлия вазирлиги адвокатлик фирма ва бюролари тадбиркорлик субъектига киритилишидан норози
Ҳозирги кунда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га жойлаштирилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Жумладан, кодекс лойиҳасининг 488-моддасида адвокатлик фирмалари ва бюролари солиқ солиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этилиши назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, «Адвокатура тўғрисида»ги қонунда адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюролари нотижорат ташкилотлар сифатида эътироф этилган бўлиб, улар даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмайди ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайди.
Таклиф этилаётган тартиб адвокатлик тузилмалари солиқ юкининг ошишига, бу ўз навбатида, адвокатура институтининг ривожланишига тўсқинлик қилиши, фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига профессионал юридик ёрдам кўрсатиш сифатига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда тергов ва суд иши юритишда малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини таъминлашда қийинчиликлар туғдириши, юридик ёрдам кўрсатиш қийматининг ошишига ва аҳолига ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши мумкин. Юқоридаги ҳолатлар юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан адвокатуранинг ролини ошириш ва аҳолига мақбул юридик хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўлиқ мос келмайди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Адлия вазирлиги адвокатлик фирмалари ва бюроларини тадбиркорлик субъектларига тенглаштириш ҳамда уларни тадбиркорлик субъектлари сифатида солиққа тортиш масаласини мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайди ва мазкур кодекс лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнида ушбу масала бўйича ўз муносабатини ваколатли органларга билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter