Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазири: «Ибодат либосини аниқлашнинг иложи йўқ. Қайсидир ҳужжатда Ўзбекистонда мана шу кийимни кийиб юриш мумкин эмас деган гапни айтиш жуда қийин иш»

Адлия вазири: «Ибодат либосини аниқлашнинг иложи йўқ. Қайсидир ҳужжатда Ўзбекистонда мана шу кийимни кийиб юриш мумкин эмас деган гапни айтиш жуда қийин иш»

Руслан Давлетов — Ўзбекистон адлия вазири.

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 24 май куни Ўзбекистон адлия вазирлигида блогелар ва журналистлар билан учрашув бўлиб ўтди. Адлия вазири Руслан Давлетов уларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб берди. Хусусан, журналист ва блогер Темур Аъзам амалдаги қонун ҳужжатларида ибодат либоси масаласига жуда мужмал таъриф берилгани, бу эса ҳуқуқни қўллаш соҳасида кўплаб тушунмовчиликларга ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини айтиб ўтди. Блогер адлия вазирига: «Бундан 20 йил олдин қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқиш вақти келмадимикан?» дея савол берди.

— Ибодат либоси бўйича айтилган термин бор. Айнан шу термин масаласида [муаммолар] туғиляпти. Ана шу вақтда (1998 йил назарда тутилмоқда — «Xabar.uz») бу термин қонунга киритилган. Фақат битта нарса, русчасига қарайдиган бўлсангиз «култ» деган сўз таржимада ибодат сўзига ўзгартирилган. Лекин ибодат сўзи унчалик тўғри келмайди. Барча динларда ибодат либосига турлича қарашлар бор.

Агар бу модданинг суд жараёнида қўлланишига қарасангиз дўппи кийиб юрган ёки яктак кийиб юрган ҳолатда ҳам авваллари жавобгарликка тортилган ҳолатлар бўлган. Биз буни тарихдан эшитган мутахассис сифатида тан олишимиз керак. Албатта бу жуда ачинарли ҳолат.

Лекин бу қонун Ўзбекистон Республикасининг қонунида, кодексида ҳозир ҳам турибди. Буни қўллаш масаласида ойдинлик киритиш керакки, ибодат либосини нималигини аниқлаш учун жуда катта ҳаракатлар бўлган. Мен ана шу вақт ҳам ўз фикримни айтганман. «Ибодат либосини аниқлашнинг иложи йўқ. Ҳамма шароитлар ва барча динларни эътиборга олиб, қандайдир тартибга тушириб, қайсидир ҳужжатда Ўзбекистонда мана шу кийимни кийиб юриш мумкин эмас деган гапни айтиш жуда қийин иш». Шунинг учун бу ҳуқуқий муаммони албатта ҳал қилиш керак.

Дин ишлари бўйича қўмита ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам дебатларда иштирок этган. Дин ишлари бўйича қўмита ушбу масала бўйича ваколатли орган ҳисобланади. Қўмита ҳам бу масалада ўз позициясини айтиб келган. Албатта бугунги кунда ушбу масала бор. Буни қайта кўриб чиқиш масаласи, ушбу терминни қонунчиликдан чиқариб юбориш масаласига келсак, фақат Адлия вазирлигининг ўзи бу муаммони ҳал қилмайди. Шу соҳа мутахассислари ва жамият билан биргаликда ўртага ташланиб ҳал қилинадиган масала. Бу масала ҳуқуқий масала бўлганлиги учун ҳал бўлади. Ўзининг ечимини топади. Бу масалага жиддий ёндашиб, масалани ҳал қилиш керак», — деб айтиб ўтди Руслан Давлетов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг