50 нафар мансабдор жавобгарликка тортилди — Адлия вазирлиги
Бугун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида журналист ва блогер учун очиқ мулоқот бўлиб ўтганидан бохабарсиз. Вазир Русланбек Давлетов «кириш сўзи»да факт ва рақамларни деярли тилга олмаган бўлса-да, вазирликнинг 2019 йилги фаолиятига оид ҳисоботида эътиборга молик ишлар талайгина эканини кўриш мумкин.
Демак, «ҳисобот»дан кўчирма: «Адлия вазирлиги биринчилар қаторида ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини ишга туширди. Жумладан, бугунги кунда Фейсбук тармоғидаги «Адлия билан мулоқот/Диалог с юстиции» гуруҳи аудиторияси 10 мингдан зиёд кишидан иборат. Ҳар куни мазкур веб-майдонча орқали юзлаб саволлар, таклиф ва изоҳлар келиб тушади. Ходимлар уларга тезкорлик билан жавоб бериш, ҳуқуқий масалаларда тушунтиришлар беришга ҳаракат қилмоқда.
Мулоқот нафақат виртуал макон, балки бевосита жойларда ҳам йўлга қўйилган. Адлия бўлимлари маълум маънода халқ билан давлатни боғловчи кўприк вазифасини ўтамоқда. Улар томонидан сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқароларга реал ёрдам ва кўмак кўрсатмоқда. Ўтган йили адлия органларига 100 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, бу 2018 йилги кўрсаткичдан қарийб икки баробар кўпдир. Уларнинг 86 мингдан зиёди ҳал қилинди, 57 минг фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.
Хусусан, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ўтказилган бир марталик акция доирасида 400 мингдан зиёд кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. Яъни, 400 мингдан ортиқ оила ўз уй-жойига, кичик ватанига нисбатан ҳуқуқий кафолатларни қўлга киритди. Икки ой давомида махсус акция доирасида 2000 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Судларга 360 та ариза юборилди, 30 миллиард сўм миқдорида компенсация талаб қилинди, 50 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари, адлия органлари томонидан жойларда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги билими ва ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан акция ўтказилди. Бу борада ўтказилган сўровларда давлат органлари ва ташкилотлардаги 106 311 нафар ходимлар иштирок этди. Ўтказилган ўрганишда 8 422 та қонун бузилишлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга 279 та тақдимнома, 931 та огоҳномалар киритилди. Тадбир натижасида жами 2 048 нафар фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter