2018 йил. Қандай турдаги жиноятлар камайди? Қанча фуқаро суд залидан озодликка чиқарилди?
Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат устуворлигини таъминлаш борасида жиноят ишлари бўйича судлар самарали фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий вакили А.Обидовнинг «Xadar.uz»га маълум қилишича, 2018 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 48 581 нафар шахсга нисбатан 38 133 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткичлар 2017 йилга нисбатан шахслар бўйича 37,2 фоизга, ишлар бўйича эса 35,5 фоизга камайган.
Жумладан, 867 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 35 706 нафарни ташкил этиб, шундан 8 730 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 24 902 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 2 074 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Шунингдек, 3 290 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 30 171 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 9 785 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди, 8 144 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
2017 йилга нисбатан 2018 йилда айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ўғрилик, пора олиш ва бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, безорилик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, транспорт воситасини олиб қочиш, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.
Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 9 486 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Етказилган 343,6 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 3 785 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Бундан ташқари, А.Обидов алоҳида қайд этадики, ўтган йили 17 613 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 46,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 576 нафар шахсга нисбатан 1 236 та иш кўриб чиқилди. 827 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 522 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter