Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«14 ойдан бери пулимни бермай алдаб юрибди…»

«14 ойдан бери пулимни бермай алдаб юрибди…»

Фото: Xabar.uz

«Унитар корхонага 30 тонна битум маҳсулотини 3 кунда пулини бериш шарти билан берганман. Мана орадан 14 ой ўтибдики, 142 миллион сўм пулимни бермай алдаб юрибди. Мен ишчиларга ойлик ва солиқ тўлагани қийналиб қолдим», деб бошланувчи ариза муаллифи «Маҳмуд» МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Наманган вилоятида фаолият кўрсатади.

У Андижон вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси таркибидаги «Марҳамат туман йўллардан фойдаланиш» УК қарздорликни узмаётганидан шикоят қилган.

Маълум бўлишича, 2022 йил 28 февраль куни тадбиркор билан унитар корхона ўртасида умумий қиймати 1,5 млрд сўмни ташкил этувчи битум маҳсулотини етказиб бериш бўйича битим имзоланган.

Ушбу шартномага асосан, тадбиркор мажбуриятларини бажариб, 2022 йил 30 март куни 180 млн сўмлик битум маҳсулотини етказиб берган.

Унитар корхона томонидан етказиб берилган маҳсулот учун 2022 йил март-апрель ойларида 38 млн сўм маблағ тўланган. Қолган 142 млн сўм қисми тўланмасдан, шартнома мажбуриятлари бажарилмаган.

Бу тадбиркорнинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, фаолиятини амалга оширишда муаммолар юзага келишига сабаб бўлган.

Ночор аҳволга тушиб қолган тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилдан амалий ёрдам сўрашдан ўзга чораси қолмайди.

Натижада вакил томонидан судга даъво аризаси киритилиб, тадбиркорнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди. Суд томонидан унитар корхонадан тадбиркор фойдасига 142 млн сўм қарздорликни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Буям етмагандек, унитар корхона давлат божи ва почта харажатларини ҳам тўлашга тўғри келди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг