«Зулфияхоним қизлари» клуби ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 апрель куни «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Унга кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Зулфияхоним қизлари» клуби ташкил этилади. Клуб аъзоларининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг таклифига асосан Тошкент шаҳрига клуб машғулотларига ҳар чоракда бир марта келиб-кетиши билан боғлиқ харажатлар «Ижод» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Олий адабиёт курсини ташкил этилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2018 йилнинг 1 августига қадар Олий адабиёт курси мутахассисликлари бўйича тегишли малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Олий адабиёт курсига бакалавр даражасига эга бўлган ва адабиёт соҳасида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ижодкорлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танлов асосида қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан келишилган ҳолда, Олий адабиёт курсига йиллик қабул квоталарини (40 фоизи бюджет ва 60 фоизи тўлов-контракт бўйича) белгиланган тартибда шакллантиради.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига Адиблар хиёбонида мунтазам маънавият дарслари, китоб мутолааси соатлари, ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ўтказиш, ушбу ҳудудда жойлашган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биносида атоқли ижодкорларга бағишланган экспозициялар уюштириш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш тавсия этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter