Ярангни боғлаб қўяйми, болам? (Ҳаётий ҳикоя)

Кеча Анқарадан кеч келганимга қарамай, барвақт уйғондим. Бу кунларда уйқу мени тарк этгандек гўё. Нонуштага ўтирдим. Ўзимни мажбурлаб бир нималар егандек бўлдим. Телефоним чалди. Муаззам опам экан.
- Сабо, бир миллатдошимиз Чекмакўйда экан. Шифохонага олиб бориш керак.
- Хўп, опа. Рақамини беринг, ҳозироқ етиб бораман.
Яна беш дақиқа ўтиб қўнғироқ келди.
- Сабо, турклар опамизни элчихонамизга олиб боришибди. Элчихонадагилар шуғулланишади. Сиз қолганлардан хабар олинг. Муаззам опага жавоб беришим билан, Фазлиддин ака қўнғироқ қилди.
- Сабо синглим, ҳорманг. Ўзбекистонга ёрдам самолётлари қўйиляпти. Сизни ёнингизда бўлган ватандошларимизнинг маълумотларини жўнатинг. Уларни ватанга юборамиз.
- Хўп,ака. Уларни ёнига кетяпман. Бугуноқ маълумотларни етказаман.
Йўлда кетарканман, одамлар тўпланиб турган катта бинога кўзим тушди.
Истанбулнинг ижтимоий ёрдам маркази зилзиладан жабр кўрган инсонлар билан тўлган. Ёрдамга муҳтож ўзбеклар бормикан, дея у ерга бордим. Бу ерда ҳеч кимни кўзига қараб бўлмайди. Танаси тирик бўлсада, руҳи ўлиб бўлган, соатларча аввал ўлим билан юзма юз келган мунгли кўзларга қарашнинг иложи йўқ.

Айланиб юрдим. Ҳаммага бош соғлиғи тиладим. Битта ҳам ўзбек топмадим. Бир тарафдан шукур қилдим. Бир тарафдан, тупроқ остида бўлганидан кўра бу ерда бўлганлари яхши эди, деб ўйладим. Ташқарида тез ёрдам машинасининг овози келди. Ярадорларни бирма бир машиналарга чиқара бошлашди. Бешта машина касалхоналарга йўл олди. Бир бирини ҳаётда кўрмаган инсонлар шунчалик меҳрибон эдиларки, Аллоҳнинг иродасига қойил қолмасдан бўлмайди.
Орқамга қайтиб чиқмоқчи эдим. Қўлида сув кўтариб олган, кўзлари олазарак болакайга кўзим тушди. У кимнидир қидирарди. Бориб қўлларидан ушладим.
- Тинчлан, нима бўлди?
- Онамни олиб кетишибди. Онам йўқ.
- Шифохонага олиб кетишгандир. Йиғлама, ҳаммаси яхши бўлади.
- Хола, мени онамнинг ёнига олиб боринг. Отам ўлди, укам ўлди. Битта онам бор. Уни ҳам йўқотишни ҳоҳламайман.
- Кел, шу ердаги маъсуллардан суриштирайлик. Қайси шифохонада бўлса олиб бораман. Фақат кўзларингни арт. Ўғил бола йиғламайди. Исминг нима?
- Эмир.
Эмирнинг онасини Бағчалиэвлар давлат шифохонасига олиб кетишибди. Эмирни шифохонага олиб бораман деб анчагина ялиниб ёлвордим. Охири изн олдим. Телефон рақамим ва кимлигимни фотонусхасини олиб қолишди.
Таксига ўтирдик. Эмир камгап бола экан. Ундан гап олмоқчи бўлиб анча қийналдим. Шифохонага етмай, битта ошхона олдида тушиб қолдик. Уни овқатлантирмоқчи, бу баҳонада Эмирнинг ҳаётини ўрганмоқчи бўлдим. Эмир ҳеч нарса емади. Фақат сув ичди. Ҳаётини равон тушунтириб беролмади. Лекин кўп нарса ўрганишга муваффақ бўлдим.
- Ёшим ўн иккида. Хатайда яшар эдик. Ўзимнинг онам ўлганида олти ёшда эдим. Уни элас-элас хотирлайман. Жуда чиройли аёл эди. Бир йилдан кейин отам уйланди. Ўгай онам меҳрибон эди менга. Онамни йўқлигини билдирмас эди. Иккинчи йили укам Энес туғилди. Энди ҳамма эътибор унга қаратилганди. Негадир ўзимни ёлғиз сезардим. Онамни менга ва укамга қилган муомаласини таққослайверардим. Отам Энесга кўпроқ меҳр берса тумшайиб олардим. Энес жуда ширин бола бўлди. Ёнимдан кетмасди. Мен ҳам уни яхши кўрардим. Ўша куни кечқурун бирга таом едик. Кейин дарсларимни такрорлайман деб хонамга кирдим. Озгинадан кейин Энес кирди. Китобларимни титишни бошлади. Қўлига қаламни олиб дафтаримга ёзмоқчи бўлди. Мен бунга руҳсат бермадим. У эркаланиб мен билан қалам талаша бошлади. Жаҳлим чиқиб уни итариб юбордим. Энес йиқилди. Бошини ўриндиқни қиррасига уриб олди. Унинг бақириғига ота-онам югуриб киришди. Онам Энесни кўтариб олди. Отам ёнимга келиб менга тикилди.
- У ҳали ёш болаку. Наҳотки,укангга раҳминг келмаса.
Улар чиқиб кетишди. Ўрнимга ётиб йиғлаб юбордим. Секингина эшик очилди. Ўзимни ухлаганга солиб олдим. Ўгай онам келиб ёнимга чўзилди. Ҳар доимгидек сочларимни силай бошлади. Демак, отам Энес билан ухлаяпти. Онам мени хафа бўлмасин деб ёнимга кирган. Қачон ухлаб қолганимни билмайман. Тушимда ўзимни онамни кўрдим. Оппоқ либосда эди. Ўрнингдан тур деб имо қиларди. Чўчиб уйғониб кетдим. Нафасим етишмаётгандек эди. Ўгай онам ёнимда ухлаган экан. У ҳам уйғониб кетди. Сув сўрадим. У ошхонага чиқаркан, мен ҳам орқасидан чиқдим. Бирданига бошланди. Гумбурлаган овоз. Ер қимирлаётганини билдим. Меҳмонхона эшигида Энесни кўтариб олган отамни кўрдим. Лекин бизгача етиб келолмади. Уйимиз қулай бошлади. Онам мени қучоқлаб бурчакка сиқиб олди. Кейин нима бўлганини билмайман. Ўзимга келганимда онам индамай ётарди. Қоп-қоронғу эди. Онамни силкитиб кўрдим. Жим-жит. Елкасига бетон тушиб босиб қолганди. Кичкина йўл топдим. Эмаклай бошладим. Ёруғлик тушиб турган ерга боргунча қийналиб кетдим. Ташқарига чиққанимда даҳшатнинг ўзи эди. Одамлар югуришар, бақиришар, ким нима қилаётганини билиб бўлмасди. Битта дарахтнинг тагига бориб ўтирдим. Кўзларим юмилиб кетарди. Тушимдами, хаёлимдами билмайман. Оппоқ либосли онамни яна кўрдим. Вайрон бўлган уйимиз тарафга бориб, мени имлаб чақирарди. Уйғонганимда жуда кўп қутқарувчилар етиб келган экан. Тепаликка айланиб қолган уйимизни кўриб йиғлаб юбордим. Орқамга бурилганимда ерни тагидан овоз келди. Кимдир тошни бетонга қаттиқ қаттиқ урарди. Овозим борича бақирдим.
- Ёрдам беринг. Қутқаринг. Овоз келди. Тириклар бор.
Бир зумда амакилар етиб келишди. Беш соат ичида онамни тирик қутқаришди. Энесни қучоқлаб олган отамни жасадини топишди. Бизни Истанбулга олиб келишди. Онамни елкасидан операция қилишар экан. Сув олгани чиққан эдим. Ўша пайт олиб кетиб қолишибди.
Эмир гапирар экан, қўлидаги ярани ғижимлаб қонатиб юборди.
- Ярангни боғлаб қўяйми, болам?
Эмир йўқ, деб бошини силкиб қўйди. Титраётган қўлларини юрагини устига босди.
- Яраларим оғримаяпти, хола. Мана бу ерим оғрияпти. Ўзимни кечиролмаябман. Кошки, ўша оқшом ҳамма китоб-дафтаримни укамга берсам эди. Кошки, ҳаммасига чизиб йиртиб ташласа эди. Фақат ўлмаса бўлди эди.
Йиғидан кўзларим кўрмай қолди. Эмирни онасига топшириб ташқарига чиқдим. Уларнинг аянчли юзларини кўриб туришга, бошқа матонатим етмади.
Яна бир шифохонага бордим. Қаҳраманмарашдан олиб келинган Акрамжонни зиёрат қилишим керак эди. Ранги анча ўзига келиб қолган Акрамжонни кайфиятини кўтариш учун ҳазиллашдим.
- Акрамжон, бунақа тўполон қилмангда. Йиқилиб тушибсиз. Йиқилганингизда бутун Туркия қимирлаб кетибди.
Кўчага чиққанимда ёмғир бошлаган эди. Қоронғу тушиб бўлганди. Оқсаройга қараб кетдим. Ёрдамга муҳтож ватандошларимиз ҳақида маълумотлар беришим керак эди. Мен икки оилани жойлаштириб кетган уй эшигини қоқдим. Эндигина икки ойлик бўлган Абутолибнинг онаси очди. Кира солиб Абутолибни кўтариб олдим. Мунчоқдек кўзларини менга тикиб, тишсиз милкларини кўрсатиб кула бошлади.
- Кул, тойчоғим, кул. Сен кулсанг, дунё кулади. Сен кулавер. Мен эса сенинг ширин кулгунгни орқасига, дунё ташвишларини яшириб қўяй.
Ҳаёт жуда қисқа. Қалбларни парчалаш бизга ярашмайди. Сизларни яхши кўраман.
Сабо Маруфжонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter