Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янгийўллик 14 ёшли бола қўлбола пиротехника портлашидан ҳалок бўлди

Янгийўллик 14 ёшли бола қўлбола пиротехника портлашидан ҳалок бўлди

Фото: «solentjournalism.co.uk»

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 1 январь куни Файзиобод маҳалласида яшовчи А.Ю.нинг уйи ҳовлисида жиянлари 14 ёшли С.М. ва 19 ёшли Ш.Б.лар қўлбола усулда пиротехник воситасини тайёрлаётганларида чақнаш содир бўлгани ва улар жароҳат олиб касалхонага ётқизилгани ҳақида ИИВ хабар тарқатганди.

«Xabar.uz» мухбирининг аниқлашича, 14 ёшли С.М. касалхонада вафот этган. Портлаш шу даражада кучли бўлганки, боланинг қўл-оёқлари сочилиб кетган.

У оиласида биргина ўғил фарзанд эди. Онаси болани тоғасига қолдириб, Туркияга ишлашга кетган бўлган.

Ҳодиса оқибатида 19 ёшли Ш.Б. ҳам жиддий жароҳат олган. У Янгийул шаҳридаги касалхонанинг шошилинч реанимация бўлимига ётқизилган. Шифокорлар унинг ўнг оёғи тўпиғидан кесилиши мумкин дейишмоқда. Маълум бўлишича, Тошкентдан ҳам мутахассислар жалб қилинган. Коллежни тамомлаган Ш.Б. яқинда ҳарбий хизматга чақирув олган эди...

Бу мудҳиш ҳодиса қандай содир бўлди?

Болалар ўт ўчириш мосламаси (огнетушитель) ичига турли моддаларни солиб, қўлбола усулда пиротехник воситаси тайёрламоқчи бўлишган. 22 яшар тоға ҳам бу «хавфли машғулот»га монелик қилмаган. Тахмин қилинишича, уларга «гугурт ёқишга жой қолдирмабсизлар» деб айнан у «қонли кўрсатма» берган. Ўсмир «огнетушитель» ичини ўзи тўлдирган портловчи моддалардан бўшатмасдан, дрель билан тешишга уринган. Улар бу «бомба»ни маҳалладан оқиб ўтадиган Жунариқ каналида портлатишмоқчи эди.

8-синф ўқувчиси ўт ўчириш мосламасини тешаётганида учқун чиқиб, портлаб кетади. Бу вақтда 19 ёшли Ш.Б. узоқроқда, эшик олдида бўлган ва шу туфайли омон қолган.

Пиротехникага қарши кураш нега самарасиз?

Мамлакатимизда пиротехниканинг ҳар қандай тури маиший ишлатиш учун тақиқланган. Айниқса, бу матоҳ болалар қўлига тушиб қолса, фавқулодда ҳодисаларга олиб келиши, ёнғин келтириб чиқариши, одамларга оғир жароҳат етказиши мумкинлиги бот-бот такрорланмоқда.

Бундан ташқари, пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик кўзда тутилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.

Шунга қарамай, Янги йил арафасида аксарият шаҳарларимизда пиротехника воситаларининг гумбурлаш овози тинмади. Аксинча, аввалги йиллардан кўра кучлироқ банғиллашлар атрофни тутиб кетди. «Кичик портлашлар» кучидан уйларнинг деразалари зириллади, автомашиналарнинг сигнализацияси «чийиллаш»дан тўхтамади. Шунча контрафакт маҳсулотлар аҳолининг, айниқса, болаларнинг қўлига қандай тушиб қолди? Бу анча оғриқли савол. Жиғилдон ғамида шу иш билан шуғулланиб юрган кимсаларнинг мажруҳ бўлиб қолаётган болалар аҳволини кўриб, эшитиб, виждони азобланмасмикан?!

Кўчада гуруҳ-гуруҳ бўлиб, пиротехника воситаларидан фойдаланаётган болаларни кўриб, уларникидан ҳам кучлироқ «банғиллоқ» ясамоқчи бўлган С.М. ва Ш.Б. каби ёшларнинг учраши эса, янада ачинарли. Биргина «банғиллаш» қандай завқ бериши мумкин ўзи? Ёшгина умрга арзийдими шу бадбин лаҳза?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг