Яккабоғда фожиа: она ва қиз ЙТҲ қурбони бўлди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида 9 август куни юқори тезликда ҳаракатланган «Lacetti» ва юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, воқеа соат 16:50 атрофида туман ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга М-39 автомобиль йўлининг 1195-километрида содир бўлган. «Lacetti» машинаси ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидаларини бузган ҳолда ҳаракатланган ва ўзидан олдинда кетаётган МАН русумли юк машинасига бориб урилган. Оқибатда «Lacetti»да кетаётган йўловчилардан бири оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида, иккинчиси Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Вафот этган фуқаролар йўловчи сифатида туман марказига кетаётган она ва унинг қизи экани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter