Хоразмда валютафуруш фирибгарлар ушланди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда яна бир иқтисодий жиноятга чек қўйилди.
Урганч шаҳрида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда фуқаролар Сабиров, Хусанов, Отахонов ва Собиров (фамилиялар ўзгартирилган) олдиндан жиноий тил бириктириб, ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланиб келаётгани фош қилинди. Ушбу фуқаролар бир гуруҳ бўлиб фуқаро Абдалязовага пластик карточкадан 5 фоиз устама билан 116 миллион 550 минг сўм пулларни ечиб олиб, нақд шаклда 111 миллион сўм пулларни берган.
Шу пуллар эвазига ҳар бир АҚШ долларини 8350 сўмдан ҳисоблаб, жами 14 минг АҚШ долларини сотишга келишиб, Урганч шаҳридаги “TAYGA INVEST” МЧЖ савдо шохобчасида 14 минг АҚШ долларини сотаётган вақтда департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тадбир давомида “TAYGA INVEST” МЧЖ рахбари Сабиров ёғоч маҳсулотлари билан савдо қилиш ниқоби остида фуқаролардан олинган нақд пулларни ҳисоб-рақамига савдо тушуми сифатида кирим қилиб, эвазига АҚШ долларини бериб, валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритиш билан шуғулланиб келгани ҳам маълум бўлди.
Тадбир якунида, ҳуқуқбузардан 14.000 АҚШ доллари ва 111 миллион сўм пуллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter