Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Урганчда кучсиз шамол ҳам томни варракдек учирди (фото)

Урганчда кучсиз шамол ҳам томни варракдек учирди (фото)

Фото: Xabar.uz

Баҳор фасли бевафо маъшуқага ўхшайди, бир дамда турли иқлимга ўзгаради. Ўтган ҳафтада ҳаволар анча исиб, ерга қадаган уруғимиз қулоқ кўрсата бошлаган эди. Куни кеча табиатнинг авзои бузилиб, эндигина уйғона бошлаган набототни совуқ «ялаб» ўтгани чатоқ бўлди.

Эсган шамол эса кўча-кўйнинг чангини шопирганини ҳисобга олмаганда карантин даврида уйда ўтирган одамларга унчалик таъсир ҳам қилгани йўқ. Хоразмнинг варрак учиришга қойимгина шамоли Бекобод ёхуд Қўқон шамолининг ёнида нима бўлибди?! Мабодо... Ғир айланиб бу шамоллар воҳадан эсиб қолса борми, қадди баланд уйлар томсиз қолиб кетиши турган гап.

Кеча эрталабдан шамол турди, дов-дарахтлар қаддини ўйнатиб эсди. Хориқулодда Урганч шаҳрининг Ал-Хоразмий шоҳ кўчасидаги 27/4-уйнинг томини учириб, ерга урди. «Ишонч мед» диагностика маркази жойлашган ушбу кўп қаватли бино ҳали қад ростлаганига кўп бўлгани йўқ. Унинг тунука томининг ўртача кучга эга шамолда ҳам варракдек учиб, ерга қулашининг бошқа сабаби бор аслида.

Иморатсозларнинг айтишича, томни ёпган усталар ишни қўл учида бажаришган ва шиферлар тутқичларини деворларга махсус қозиқ қоқиб мустаҳкамламаганлар. Бу эса томнинг учиб, пиёдалар йўлагига қулашига сабаб бўлган.

Яхшиямки, бу воқеа содир бўлган вақтда бино олдида ва пиёдалар йўлагида одамлар бўлган эмас. Давом этаётган карантин урганчликларни нафақат хавфли пандемиядан, балки содир бўлиши мумкин бўлган бошқа бахтсиз ҳодисалардан ҳам асраб қолаётгандек гўё.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг