Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда автобуснинг каналга ағдарилишига сабабчи бўлган «Nexia» қидирилмоқда

Тошкентда автобуснинг каналга ағдарилишига сабабчи бўлган «Nexia» қидирилмоқда

Фото: «Тошшаҳартрасхизмат»

Тошкентнинг Яшнобод туманида бугун, 12 май куни «Isuzu» русумли йўловчи автобуси каналга ағанагани ҳақида хабар берган эдик.

«Газета.uz» нашри аниқлик киритишича, 119-йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб келаётган автобус йўлига кескин равишда ўнгга қайта тизилган фил суяги рангли «Nexia» чиқиб келган, оқибатда автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва салонида 20 йўловчи бўлган шаҳар транспорти Толариқ каналига тушиб кетган.

Хабар беришларича, ҳодиса юз берган вақтда автобус соатига 27 километр тезлик билан ҳаракатланиб келаётган бўлган. «Nexia» воқеа жойидан яширинган.

«Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг нашрга берган маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида йўловчилардан ҳеч ким жабрланмаган, бироқ автобус ҳайдовчиси Абдурашид Қўзибоев (1981 йилда туғилган, етти йиллик автобус ҳайдаш стажига эга) тан жароҳати олган. У «мия чайқалиши» ташхиси билан Республика неврология марказига ётқизилган.

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) ЙТҲ келиб чиқишига сабабчи бўлган деб тахмин қилинаётган «Nexia»ни қидиришни бошлаган. Воқеа гувоҳларидан «Тошшаҳартрансхизмат»нинг ҳаракат хавфсизлиги бўлими (+99899 8486999) ёки ЙҲХБга (2309452) мурожаат қилиш сўралган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг