Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент ҳавосини ифлослантираётган сабаблар айтилди

Тошкент ҳавосини ифлослантираётган сабаблар айтилди

Фото: Xabar.uz

Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қуйидаги омиллар таъсир этаётганини маълум қилди.

  1. Тошкентда яшил ҳудуд камайган. Жумладан, дарахтлар ва буталарнинг кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган.

  2. Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида бир неча маротаба қурилиш ишларини амалга оширмаслик бўйича мораторий эълон қилинган бўлса-да, қурилишлар ҳанузгача давом этмоқда.

  3. Автотранспорт воситалари сони ортиб бормоқда. Транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёқилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Жумладан, республика бўйича автомобиллар сони 2021 йилда 3,14 млн донани ташкил этган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 млн донага етди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда. Халқаро стандартларга тўғри келмайдиган А-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда.

  4. Шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш цикли оптималлаштирилмаган, йўл ҳаракатини тўғри ташкил этилмаган. Натижада Тошкент шаҳрида тирбандлик ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Тирбандликда тўхтаб турган автомобиль эса ҳаракатланаётган автомобилга нисбатан атмосферага кўпроқ ташлама чиқаради.

  5. Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда.

  6. Куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд Иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилғисидан фойдаланиш атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига ҳамда аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

  7. Тошкент ҳавоси ифлосланишига шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсиялари (вертикал бўйича аралаш зарраларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами) ва бошқа табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳри тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолади ва табиий йўл билан чиқиб кетмайди.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг