«Тегирмон гуруҳи» конлари газ қувуридан табиий газ сизиб чиқиш оқибатида қудуқлар фаолияти ишдан тўхтатилди – «Ўзбекнефтгаз»
2022 йил 3 декабрь куни соат тахминан 06:20 да «Ўзбекнефтгаз» АЖ Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси «Тегирмон гуруҳи» конларида узунлиги 47 км бўлган диаметри 426 мм. газ қувурининг 41 км. дан газ сизиб чиқиш ҳолати рўй бераётгани аниқланган.
Бахтсиз ҳодисалар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида, Бошқарма мутахассислари ва кон ишчи-ходимлари томонидан тезкор чоралар кўрилган ҳамда қувурдан юқори олтингугуртли газ узатилишини инобатга олган ҳолда, қувурга уланган «Тегирмон гуруҳи»даги «Тегирмон», «Ғарбий» ва «Шимолий Тегирмон», «Янги Алат» конлардаги газ қудуқлари ишдан тўхтатилган.
Қувурда газ сизиб чиқиши соатига 70 минг куб. м газ қазиб чиқаришнинг қисқаришига олиб келди.
Қурилиш-монтаж ишлари «Нефтгазмонтаж» МЧЖ, «Муборакнефтгазмонтаж», «Бухорогазсаноатқурилиш» ва «Жанубгазқурилиш» АЖ ташкилотлари томонидан олиб борилган бўлиб, воқеа жойига етиб борган «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев рўй берган ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилиши бўйича топшириқлар берди.
Ушбу газ қувурида содир бўлган газ сизиб чиқиши ҳолатини тўлиқ ўрганиш мақсадида, мутахассисларни жалб қилган ҳолда тезкор «Ишчи гуруҳи» тузилиб жойида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича ушбу газ сизиб чиқиш ҳолатига олиб келган омиллар аниқланади ҳамда тегишли чоралар кўрилади.
Ҳозирда, Бошқарув раиси бошчилигида тегишли мутахассислар томонидан қувурдан газ сизиб чиқишини бартараф этиш ҳамда газ қазиб чиқаришни қисқа фурсатда қайта тиклаш чоралари кўрилмоқда.
«Тегирмон»-»Сомонтепа» кони диаметри 426 мм.лик 47 км узунликдаги газ қувури «Тегирмон гуруҳи» конларидан қазиб олинаётган газни Муборак газни қайта ишлаш заводига узатишни таъминлаш мақсадида, 2022 йил ноябрь ойида қуриб ишга туширилган.
Таъкидлаш керакки, ушбу воқеа рўй бериши натижасида жароҳат олган ёки жароҳатланганлар йўқ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ҳолат юзасидан қўшимча ахборот бериб борилади.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter