Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистондаги «ёғли жой»нинг сири ошкор бўлди

Қорақалпоғистондаги «ёғли жой»нинг сири ошкор бўлди

Фото: Прокуратура департаменти.

Амударё туманида 77,1 тонна қўлбола усулда тайёрланган ёғ маҳсулотларини савдога чиқарилишининг олди олинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Амударё туман бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Бухоро вилояти, Ромитан туманида давлат рўйхатидан ўтган «T.» МЧЖ ҳамда Амударё туманида фаолият кўрсатувчи «A.» МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, «A.» МЧЖга тегишли нотурар бинода ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил қилганликлари фош этилган.

Тадбир давомида, ушбу яширин цехдан қўлбола усулда тайёрланган 77,1 тонна 5 литр ҳажмдаги елим идишларга қадоқланган истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулоти, 19 460 дона хўжалик совуни, 10 тн. пахта чигити, 3 тн. кунжара, 32 та рулон ёрлиқлар, 8 дона мой-жувоз ускунаси ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган жами 1,3 млрд сўмлик товарлар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг