Ўзига ўт қўйган фарғоналик талаба вафот этди
Фарғоналик талаба ўзига ўт қўйиб юбориб, куйиш оқибатида вафот этди. Воқеа тафсилотларини Бош прокурорнинг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсутдинов «Xabar.uz»га маълум қилди.
Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида яшаган, Наманган муҳандислик қурилиш институтининг 3-босқич талабаси Х.Х. (2002 й.т.) олийгоҳда 5 та фандан оралиқ имтиҳонларини топшира олмаганлиги сабабли, 2023 йил 10 феврал куни қайта топширишга қолиб кетган.
Гуруҳ раҳбари талабанинг отасига қўнғироқ қилиб, ўғли юқоридаги 5 та фандан оралиқ имтиҳонларни топшира олмаганлиги ҳақида огоҳлантирган.
Ўз навбатда, ота ўғлига телефон орқали танбеҳ берган.
Шундан сўнг, талаба Х.Х. отаси берган танбеҳга зарда қилиб, руҳий тушкунликка тушиб, Янгиқўрғон туманининг Нурафшон МФЙ ҳудудидаги дала-адирлик майдонида устига бензин қуйиб ёқиб, ўз жонига қасд қилган.
Х.Х.нинг ёниб жароҳат олганини кўриб қолган фуқаролар унга ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб келишган.
Тиббий маълумотга кўра, аланга оқибатида Х.Х. танасининг 50 фоиз қисми чуқур куйган.
Шифкорлар томонидан кўрсатилган тез-тиббий муолажаларга қарамасдан, у 13 феврал куни шифохонада вафот этган.
Шу куни Янгиқўрғон туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан ЖКнинг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter