Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон фуқароси япониялик қизга жинсий тажовуз қилгани бўйича хабарга изоҳ берилди

Ўзбекистон фуқароси япониялик қизга жинсий тажовуз қилгани бўйича хабарга изоҳ берилди

Токиода бўлиб турган Ўзбекистон олимпия жамоаси вакилининг япониялик қизга жинсий тажовуз қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Бу эса бир қатор ўзбек ОАВ ва блогерлари орасида муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси хабарга расмий муносабатини билдирди.

Бўлиб ўтган воқеликка Ўзбекистон олимпия жамоасининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. «Japantimes.co.jp» нашри берган маълумотга кўра, воқеа Токио шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароси Д.Р. билан содир бўлган. «Kyodo news» эса Д.Р. ва у қизнинг биргаликда Токиодаги «Олимпия» стадионида волонтёр бўлиб ишлагани ҳақида ёзган. 

Ҳозир МОҚ Тезкор штабининг 5 нафар вакили Токиодаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб турибди. Уларнинг вазифаси асосий делегация келгунига қадар ташкилий масалаларни ҳал этиб туришдир. Ташкилий қўмитанинг талабларига кўра, Олимпия шаҳарчасидаги шахсларнинг ҳудуддан чиқиб кетиши мумкин эмас ва у жой кучли назорат остида.

Шундай экан, юқоридаги воқеликка Ўзбекистон олимпия делегациясининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу ўринда юртимизнинг барча ОАВ, блогер ва журналистларидан бу каби асоссиз мақолаларга ишонмасликларини сўраб қоламиз.

Бугун кечга «Токио–2020» XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон делегациясининг асосий қисми чартер рейс орқали Японияга жўнаб кетади. Миллий олимпия қўмитаси юртимиздаги барча оммавий ахборот воситаларини спортчиларимиз ва уларнинг Олимпия ўйинларидаги иштирокини халқимизга чиройли тарзда етказиб беришга, мусобақани кенг қамровда ёритишга чорлаб қолади. Ўз навбатида, МОҚ матбуот хизмати бу борада барча маълумотларни тақдим этиб боради»,— дейилади матбуот хабарида.

Бу олимпиада билан боғлиқ ягона можароли хабар эмас. Аввалроқ, Ўзбекистон сузиш федерацияси котиби ишдан олиниб, 3 спортчи йўлланмадан маҳрум бўлгани ҳам хабар берилган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг