Ўзбек шифокорлари томонидан илк бор ноёб операция ёрдамида сиам эгизаклари ажратиб олинди
Тиббиёт тарихида илк бор ўзбек шифокорлари томонидан сиам эгизаклари ўта ноёб операция натижасида ажратиб олинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жажжи Фотима ва Зуҳра танасининг қорин қисми, аниқроғи, жигари билан бирлашган эди. Битта ички аъзоларга эга эгизакларни ажратиш эса ўта мураккаб ва хавфли операция эди. Улар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, яъни опа-сингилларнинг фарзандларидан дунёга келган.
Туғуруқдан 10 кун ўтгач, ота-онага болаларнинг яшаб қолиш имкони умуман йўқлиги айтилиб, уйига рухсат берилган. Аммо фарзандларининг яшаб кетишидан умид узмаган ота-она орадан бир ой ўтгач, Ўзбекистондаги Республика перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашевга телефон орқали мурожаат қилишди.
Беморлар ҳолатидан хабардор бўлган тажрибали неонатал хирург, профессор Б. Эргашев уларни янада чуқур тиббий кўриклардан ўтказиш зарурлигини айтади. Аммо Ўш шаҳрида бунинг имкони бўлмайди. Шунга қарамай, тажрибали мутахассис эгизакларни ҳар ой онлайн тарзда тиббий назорат қилиб боради. Ниҳоят октябрь ойида гўдаклар Республика перинатал марказининг Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказига олиб келинади. Бу пайтда улар 5 ойлик бўлиб қолган эди...
Ўзбекистонда сиам эгизаклари аввал ҳам операция қилинганми?
Шу пайтгача юртимизда бу турдаги амалиёт фақат бир марта Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилган. Унда ҳам операция чет элдан чақирилган мутахассис бошчилигида ва бевосита иштирокида кечган.
Ўтган йилнинг 16 декабрь кунига қадар Республика перинатал маркази жамоаси ўзаро маслаҳатлашди. Эгизаклар тўлиқ консилиум қилинди. Муассасадаги барча юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар текширувдан ўтказилди. Эксперимент тариқасида синов амалиётлари ўтказилиб, тиббий жамоа ҳам, технологиялар ҳам шай ҳолатга келтирилди. Шундан сўнг 19 декабрь куни операция белгиланди.
Амалиётни устозлар розилиги билан профессор Бахтиёр Эргашев бошлаб берди.
— Амалиёт 3 соат давом этди. Болалар бир-бири билан жигар орқали бирлашгани ўз исботини топди. Болаларни ажратганда жигардан ва бошқа қон томирлардан қон кетишининг олдини олиш мақсадида ультратовуш ва аргон скалпели, шунингдек, «Bloodstop» деб аталган замонавий гемостатик материалдан фойдаландик. Натижада минимал даражада қон кетиши билан болалар ажратиб олинди, — дейди Б.Эргашев.
Омадни қарангки, беморларнинг ўт пуфаклари алоҳида-алоҳида шаклланган эди. Бу эса икки тана ажратилганида, бу аъзолар ўз вазифасини бекаму кўст бажаришини таъминлар эди.
Шундай қилиб, эгизаклар муваффақиятли ажратиб олинди. Операциянинг кейинги босқичида тиббий жамоа икки гуруҳга бўлиниб, иш олиб бориши керак эди.
Сиам эгизаклари бир-биридан ажратилгач, Фотимахонни Бахтиёр Эргашев, Насриддин Эргашев ва Нурбек Эгамназаров, Зуҳрахонни эса Ҳабибулло Оқилов, Жавлон Мухторов ва Абдужамил Абдуғаниевдан иборат неонатал хирурглар жамоаси операция қилди.
Уларга Ресбпублика перинатал марказининг неонатолог, реаниматолог ва анестезиологлари У.Азимова, М.Шовазова, А.Қурбонова, Ф.Жўраева, Д.Халиқулова, М.Мирюнусова, шунингдек, малакали операция ва тиббий ҳамширалар гуруҳи яқиндан ёрдам берди.
Ушбу амалиётлар хирурглар тили билан айтганда «силлиқ» ўтди.
Операция хонасига бир вужуд сифатида олиб кирилган чақалоқлар икки мустақил организм сифатида олиб чиқилди. Ўта мураккаб амалиётни бошдан ўтказишгани ва нимжонлиги уларнинг тикланиш жараёнини секинлаштирди. Айниқса, Зуҳрахоннинг буйраклари меъёрдан анча кичик экани шу ерда ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Унинг саломатлигини тиклашда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг болалар бўлими мутахассислари ҳам катта ҳисса қўшди, дейилади ССВ хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter