Ўз жонига қасд қилган ППХ ходимига босим ўтказилгани рад этилди
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати раҳбари ҳодиса содир бўлган куни нималар бўлганини маълум қилди.
27 июнь куни Ангрен шаҳар ИИБ ППХ ва жамоат тартибини сақлаш гуруҳи ходими сафдор Бекзод Бобомирзаев ўзига бириктирилган «ПМ» табель қуролидан жонига суиқасд қилганди.
Ҳодисадан кейин марҳумнинг акаси укасига Акмал исмли шахс босим ўтказиб, ундан бир ҳафтадан бери пул сўраб келганини айтганди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов Bu kun кўрсатувига берган интервьюсида марҳумга нисбатан ҳеч қандай босим бўлмаганини айтди.
Аниқланишича, 27 июнда Ўз хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ангрен шаҳар ИИБнинг ходимлари хизмат фаолиятида интизомга, қонунчиликка бўйсуниши устидан танқидий назорат йиғилиши ўтказган.
«Сафдор Бекзод Бобомирзаев суҳбатда бир ўзи бўлмаган. У раҳбарлари билан бирга суҳбатдан ўтган. Унга камчиликлари, қўпол қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйгани юзасидан муҳокама ўтказилган. Жараёнда марҳум ўзи йўл қўйган камчиликларни тан олган. Лекин унга ҳеч қандай босим ўтказилмаган», — дейди Бобур Тўлаганов.
Бобур Тўлагановнинг таъкидлашича, хизмат хоналари видео ва аудио кузатув мосламалари билан жиҳозланган ва барча суҳбатлар қайд қилиб борилади.
Суҳбатдан икки соат ўтгач, сафдор ўз жонига қасд қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter