Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Неварасини ўғирликда айблаган бувининг ўзи жазога тортилди

Неварасини ўғирликда айблаган бувининг ўзи жазога тортилди

Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшовчи 63 ёшли буви ўз неварасининг паспортини қарийб, бир йилдан ортиқ вақт давомида яшириб келгани ва унга нисбатан ёлғон гувоҳлик бергани учун бир йилу олти ой муддатга қамалди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Бобораҳим Очилов маълум қилди.

Суд ҳужжатларига кўра, тун ярмида туман ички ишлар органига ташвишли мурожаат келиб тушган: «Неварам менинг уйда йўқлигимдан фойдаланиб, сандиғимга «тушган».

Тезкор гуруҳ манзилга етиб келган ва ҳолатни ўрганган. Ўрганув давомида 63 ёшли Р.Б. кечқурун тўйга кетгани, қайтгач эса уйида ўғрилик содир этилганига гувоҳ бўлгани, бу ўз невараси С.Б. томонидан амалга оширилганидан гумони борлигини билдирган. Етмаганига, 200 доллар пули ҳам йўқолганини иддао қилган. Холислар иштирокида ҳолат ҳамда бувининг давоси қайд этилган. Неварага нисбатан бувисининг уйига яширинча кириб, темир сандиғининг қулфини бузиш йўли билан очиб, ўғрилик жиноятини содир қилгани юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» бандига асосан, иш қўзғатилган. 

Жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов давомида ҳолат аслида, мутлақо бошқа кўринишда содир бўлгани ошкор бўлган.

Маълум бўлишича, фуқаро Р.Б. ўғли К.Ч., келини М.Г. ҳамда невараси С.Б. 17 ёшга тўлгунга қадар бир ҳовлида яшаб келишган. Ўғли ва келини ўртасида йиллар давомидаги ўзаро келишмовчилик 17 йилдан сўнг ажрим билан тугаган. Шундан сўнг Р.Б.нинг невараси С.Б. ҳам онаси билан бу ҳовлидан чиқиб кетишига тўғри келган. Ота-онаси ўртасидаги жанжаллар авж олгунига қадар невара паспортини авайлаб-асраб қўйиши учун бувисига берган бўлган. Бироқ, орадан вақт ўтиб, невара жуда кўп бор паспортини сўраб боришига қарамасдан, буви уни ўзида йўқлигини рўкач қилиб келган.

Мактабни битираётган К.Ч. олийгоҳга ўқишга кириш учун тест имтиҳонларини топширишида паспорти муҳимлигини бувисига билдириб, уни қайтариб беришини сўраган.  Шунда ҳам буви унинг паспорти ўзида эмаслигини билдирган.

Орадан бир неча кун ўтгач, бувисининг қўшни қишлоққа тўйга кетганини эшитган С.Б. ўз режасини амалга оширишга киришади. У бувисининг ҳовлисига дарвоза устидан сакраб тушиб, меҳмонхонага киради. Кўрпачалар тахмонини йиқитиб ташлаб,  сандиқнинг қулфини бузади ва сандиқ ичида рўмолчада ўраб қўйилган ўзига тегишли бўлган паспортни олади. Бошқа бирор нарсага тегмай, дарвозадан чиқиб кетади.

Орадан бир неча соат ўтиб, тўйдан қайтган Р.Б. меҳмонхонасидаги пала-партишликни кўриб, қўрқиб кетади ва бу иш невараси томонидан содир этилганини ўша заҳотиёқ англаб етади.

«Дастлабки тергов пайтида фуқаро Р.Б. ёлғон гувоҳлик бермаслик юзасидан огоҳлантирилган. Шунга қарамасдан, вояга етмаган С.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 25-(Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 169-(Ўғрилик) моддаси 2-қисми «г» банди билан асоссиз равишда айбланишига сабабчи бўлиб, ёлғон гувоҳлик берган»,— деди суд раиси.

Суд-тергов ишлари давомида Р.Б. неварасининг илтимосларига қарамасдан, унинг паспортини яшириб келгани, паспорт ҳужжатига қўшиб, 200 доллар пулни ҳам ўғирлагани ҳақида ёлғон маълумот бергани аниқланади.

Б.С. эса бувисига нисбатан даъвоси йўқлигини, унга қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берган.

Судланувчи Р.Б.нинг ёлғон гувоҳлик бериш ҳамда расмий ҳужжат ҳисобланган паспорт ёки идентификацияловчи ID-картани яширишда ифодаланган жиноий қилмиши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди ва 238-моддаси (Ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми билан айбли, деб топилган.

Ушбу моддаларга кўра, Р.Б.га узил-кесил бир йилу олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг