Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эркак собиқ турмуш ўртоғини МИБ бўлимида пичоқлади

Эркак собиқ турмуш ўртоғини МИБ бўлимида пичоқлади

МИБнинг Янгийўл шаҳар бўлими биноси.

Фото: Прокуратура

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида алиментдан қарийб 12 миллион сўм қарздор эркак собиқ турмуш ўртоғини пичоқлади. Бу ҳақда Бош прокуратурага таяниб «Дарё» хабар берди.

Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судининг 2021 йил 20 январдаги ижро варақасига асосан қарздор А.О.дан, ундирувчи Ш.А. фойдасига вояга етмаган 3 нафар фарзанди моддий таъминоти учун даромадидан ярми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро варақаси бюронинг Янгийўл шаҳар бўлими иш юритувига 2021 йил 4 февралда келиб тушган.

Ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, қарздор алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келиб, 2021 йил 10 сентябрь ҳолатига қарздорлиги 11 миллион 864 минг сўмни ташкил этган.

Шу сабабли, ижро ҳаракатлари давомида, давлат ижрочиси Б.Исматиллаев томонидан қарздор О.А.га алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлагани сабабли, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун судга тақдим этиши ҳақида маълум қилинган.

Шундан сўнг, 2021 йилнинг 10 сентябрь куни МИБ Янгийўл шаҳар бўлимига қарздор О.А. ва Ш.А. ташриф буюрган.

Давлат ижрочиси ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида, қарздор О.А. ўзи билан яшириб олиб келган ошхона пичоғи билан кутилмаганда ундирувчи Ш.А.га ташланиб, унинг танасининг қўл ва елка қисмларига бир неча тан жароҳати етказган.

Давлат ижрочиси Б.Исматиллаев ва бошқа бўлим ходимларининг фаол ҳаракатлари билан фуқаро О.А.нинг кейинги агрессив ҳужумларини олдини олинган.

Бюронинг Янгийўл шаҳар бўлими ходимлари томонидан воқеа ҳақида Янгийўл шаҳар ИИБ ходимлари ва тез тиббий ёрдам хизматига маълум қилинган ва фуқаро О.А. ички ишлар ходимлари томонидан воқеа жойидан олиб кетилган.

Тан жароҳати олган фуқаро Ш.А. зудлик билан тез ёрдам бригадаси орқали шифохонага етказилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг