Мактаб ўқувчилари ўғриликка қўл урди
Бухоро вилояти, Пешку туманида яшовчи икки нафар 16 ёшли мактаб ўқувчиси ўғриликка қўл урди. Уларга нисбатан жиноий иш қўлланилди, дея хабар берди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.
Таъкидланишича, тумандаги «Навоий» маҳалласи ҳудудида жойлашган мактаб ўқувчилари К.И. ҳамда Ч.Н.лар ўзаро тил бириктириб, шу маҳалла фуқароси М.С.нинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда киришган. Жавонда бўлган 5 миллион сўм пул, 2 минг АҚШ доллари ҳамда 7000 Россия рублини ўмаришган. Бундан ташқари, баҳоси 2 миллион сўмлик «Samsung» русумли уяли телефон, фуқаро М.С.га тегишли бўлган чет элга чиқиш паспортини ҳам талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинишган.
Орадан бир неча соат ўтгач, М.С. ўз хонадонида содир бўлган ўғрилик юзасидан ички ишлар идораларини хабардор қилган.
Ҳолат юзасидан туман ички ишлар бошқармаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик), 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага кўра, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Олиб борилган тезкор-техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Пешкў туманида яшовчи, вояга етмаганлар K.И. тенгдоши Ч.Н. олдиндан жиноий тил бириктириб, содир қилганликлари аниқланган.
Ҳозирги кунда ушбу шахсларнинг худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга ҳам алоқадорлигини аниқлашга қаратилган тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter