Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Жиноят иши қўзғатилди» — Бош прокуратура Андижондаги нохуш ҳолат юзасидан баёнот берди

«Жиноят иши қўзғатилди» — Бош прокуратура Андижондаги нохуш ҳолат юзасидан баёнот берди

Фото: «Effect.uz»

Бир неча кун аввал Андижонда уйдан кўчириш ҳақидаги суд қарори ижросидан норози фуқаро ўзига ўт қўйиб юборгани ҳақида хабар тарқалганди.

Кўп ўтмай танасининг 45 фоизи куйиши натижасида касалхонага тушган фуқаро алал-оқибат вафот этганини маълум қилар экан, прокуратура ҳолат юзасидан текширув бошлаганини билдирганди.

Бош прокуратура матбуот хизмати вазиятга ойдинлик киритган ҳолда текширув натижаларини очиқлади.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбари, адлия катта маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ФИБ (фуқаролик ишлари бўйича) Андижон туманлараро судининг 2019 йил 17 январдаги ҳал қилув қарорига асосан берилган ижро варақасига биноан Х.Гайибназаров (иш бўйича жавобгар, эндиликда марҳум) ва унинг оила аъзолари Андижон тумани Бешбўйноқ МФЙ Бодомзор кўчасидаги хонадондан кўчирилиши ва М.Байханова (иш бўйича даъвогар) ушбу уйга киритилиши кўрсатилган.

Мазкур фуқаролик иши ФИБ Андижон вилояти апелляция инстанцияси судининг тегишли ажримига кўра (биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидаги давлат божи ундириш қисми ўзгартирилганини айтмаганда) ўзгаришсиз қолдирилган.

Фуқаролик иши юзасидан чиқарилган суд қарори Ўзбекистон Республикаси Олий судида ҳам қонуний деб топилган.

Шу тариқа суд қарорига асосан ижро ҳужжати шу йилнинг 9 январь куни МИБ Андижон туман бўлимига келиб тушади.

Ижро иши объектив сабабларга кўра уч марта қолдирилади. Ниҳоят, шу йилнинг 21 январь куни давлат ижрочилари юқорида қайд этилган манзилга кеч соат 18-00 ларда бориб, томонларни ўзаро келиштирган ҳолда жавобгарларга 24 январга қадар кўчиб кетишлари учун муддат беради.

Шу орада иш бўйича жавобгар Х.Гайибназаров МИБ ходимларини чақириб, улардан 8-10 метр узоқлиқда турган ҳолда жаҳл устида қўлидаги елим идишдаги суюқликни устидан сепиб, ўзига ўт қўйиб юборади.

МИБ ходимлари ўз навбатида ёнғинни ўчиришга кўмаклашиб, Х.Гайибназаров «Лабо» русумли автомашинада, унинг оила аъзолари эса давлат ижрочисининг автомашинасида Андижон тумани тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимига олиб борилади.

Воқеаларнинг кейинги ривожи маълум: олган тан жароҳати натижасида Х.Гайбназаров вафот этади.

Бош прокуратура алоҳида қайд этадики, айрим ижтимоий тармоқларда ёзилганидек, ижро ҳаракатлари ушбу уйни давлат фойдасига олиш мақсадида амалга оширилмаган. Балки, суд қарори асосида бошқа фуқарони ушбу манзилдаги хонадонга киритириб қўйиш учун ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича Андижон туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми («Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш») билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг