Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимлик биноси ёнига қўй ҳайдаб келганларга чора кўриладими?

Ҳокимлик биноси ёнига қўй ҳайдаб келганларга чора кўриладими?

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Нуробод тумани сектор раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда 6 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига қўйлар суруви ҳайдаб келингани ҳақида видеолавҳа юзасидан муносабат билдирилди.

«Туманимиз асосан чорвачиликка ихтисослашган. Фермер хўжаликларимиз ва аҳоли ҳам асосан чорвачилик билан шуғулланган. Улар шу пайтгача туманимизда мавжуд яйловлардан фойдаланиб келган. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 2 сентябрда «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон қабул қилингач, туманимиздаги 348,2 минг гектар яйлов ерлар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси балансига берилди. Ана шу ерлар «Самарқанд қоракўл кластер» (151 минг гектар) ҳамда «SP LUXE» (197, 2 минг гектар) кластер корхоналарига ажратиб берилган. Бу корхоналар олдига ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш, соҳага замонавий инновацияларни жалб қилиш, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш, янги иш ўринлари яратиш каби вазифалар қўйилган. Эндиликда аҳоли, фермер хўжаликлари мазкур кластер корхоналари билан шартнома асосида ишлашлари талаб этилади. Бу мавжуд яйловлардан фойдаланиш, гўшт, тери, жун маҳсулотлари реализацияси, чорва наслини яхшилаш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Туман ҳокимлиги олдига қўй суруви ҳайдаб келинган Қиличли маҳалласи ҳудудида ҳам «Соҳибкор Ҳожиакбар» фермер хўжалиги кластер корхонаси билан шартнома имзолаб, 1440 бош чорвасини боқиш учун 837 гектар яйлов ер майдонини 49 йилга ижарага олган. Аммо фермер ўзи учун ажратилган ерга кўрсатилганидан кўп миқдорда, яна 1000 бошдан зиёд қўй олиб келиб боққани ва бу чорва моллари аҳоли яйлов сифатида фойдаланиб келаётган ерларга ўтиб кетиши мумкинлиги сабабли фуқаролар бундан норози сифатида ана шу қўй сурувини ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб келган. Шу куннинг ўзида кластер корхонаси таъсисчиси, фермер хўжалиги ва аҳоли билан ушбу масала юзасидан гаплашиб, фермернинг белгиланганидан ортиқча чорваси бу ердан чиқариб юборилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида яна 2-3 та фермер масъулияти чекланган жамият тарзида корхона ташкил этиб, уларга аҳоли аъзо бўлиши ва кластер билан шартнома асосида иш олиб боришга келишиб олинди», – деди туман ҳокими Ф.Зойиров.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари А.Очилов Қиличли маҳалласи унинг сектори ҳудудига кириши ва йил бошидан буён маҳаллада аҳоли билан тўрт марта учрашув ўтказган бўлса-да, яйлов масаласида мурожаат тушмаганини қайд этди.

«Бу қишлоқ туман марказига яқин ҳудудда жойлашган. 3300 аҳоли яшайди ва улар асосан чорвачилик билан шуғулланади, лекин бирор марта шу кластер билан боғлиқ муаммо чиқмаган. Кечаги воқеалар янги тартиб бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кенг кўламда олиб бориш лозимлигини кўрсатди ва бу борадаги ишларни янада жонлантирамиз», – дейди А.Очилов.

Матбуот анжуманида журналистлар мазкур ҳолатнинг ҳуқуқий оқибатлари билан қизиқди. Қўйларни туман ҳокимлиги биноси олдига ҳайдаб келган кишиларга нисбатан чора кўрилмайдими, деб сўради.

Бунга жавобан туман ИИБ бошлиғи аҳоли ва фермер хўжалиги, кластер корхонаси раҳбарлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилгани ва бу ҳолат юзасидан ҳеч кимга нисбатан бирор бир ҳуқуқий чора кўрилмаслигини маълум қилди.

Матбуот анжумани чоғида куни кеча коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тарқатилган Нуробод тумани ҳокимининг 40 гектарлик яйлов ерларни сохта ҳужжатлар асосида лалмикор майдон сифатида тадбиркорга бериб юборгани ва мазкур қарор бекор қилингани билан боғлиқ хабар бўйича ҳам масъуллардан изоҳ сўралди.

Туманга яқинда тайинланган прокурор Н.Сойипова мазкур ҳолат Қиличли маҳалласида юзага келган вазиятга боғлиқ эмаслиги ва бу туманнинг Ағрон маҳалласидаги «Ағрон Ингичка сой далалари» фермер хўжалиги билан боғлиқлигини маълум қилди. Қайд этилишича, тадбиркорнинг 2020 йил 9 декабрдаги мурожаати асосида туман ҳокимининг 23 декабрдаги қарори билан унга туман ҳокимлиги захирасидаги лалмикор ердан 40 гектар майдон 30 йил муддатга ажратиб берилган. Ер ажратишда фермерга ердан самарали фойдаланиш, 30 миллион сўм сармоя киритиш ва иш ўрни яратиш шартлари қўйилган. Аммо тадбиркор 5 март куни ҳокимликка қайта мурожаат қилиб, ерни қайтариб олишни сўраган. 29 мартда ҳоким қарори билан захирага қайтариб олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг