Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода ХТБ бош ҳисобчиси ва ёрдамчиси катта пулни талон-торож қилди

Бухорода ХТБ бош ҳисобчиси ва ёрдамчиси катта пулни талон-торож қилди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти, Пешкў туман Халқ таълими бўлими бош ҳисобчиси ва бош ҳисобчи ўринбосарининг жиноий тил бириктириб,  йирик миқдордаги мактаб бюджет маблағларини талон-торож қилишгани фош этилди.

Ҳар икки мансабдорга нисбатан жиноий жазо қўлланилди, дея «Xabar.uz»га маълум қилмоқда ҳуқуқ-тартибот органи вакили.

Таъкидланишича, Пешкў туман Халқ  таълими бўлими бош ҳисобчиси У.Э. ва унинг ўринбосари Р.Э. лавозим ваколатидан фойдаланган ҳолда 2021 йилнинг апрел ойидан 2022 йилнинг январь ойига қадар жами 147 та ҳолатда 217.308.3 минг сўмлик бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган. Ҳолатга кўра, Халқ таълимига тегишли бўлган ушбу пул маблағлари ноқонуний тартибда сарфланган. Бу пуллар Халқ таълими бўлими ходимлари, тумандаги турли мактабларда ишловчи ишчи-ходимлар, шунингдек, ҳар икки мансабдорнинг қариндош-уруғларининг кредит ҳамда контракт тўловларини сўндириш учун кўчириб берилган.

«147 та ҳолатда ўзгаларга тегишли маблағларни ўзлаштириш эвазига «туя қилинган» бу пуллар электрон калитдан фойдаланган ҳолда чиқариб юборилган. Энг ачинарлиси, олиб борилган тергов-суриштирув ҳаракатлари давомида ҳар икки мансабдор бу ҳолатни такроран содир этишгани аниқланди. 2018-2020 йилларда ҳам тумандаги умумтаълим муассасалар ходимларининг иш ҳақлари ҳисобидан 108 та ҳолатда  талон-тарожликка йўл қўйишгани ошкор бўлди. Бунда 122.779.600 минг сўм маблағларнинг сарфланишини ҳужжатларда гўёки ходимларнинг кредит ва контракт тўловлари учун кўчирилган сифатида кўрсатишган. Аслида эса бу маблағларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган»,— дейди Жиноят ишлари бўйича Пешкў тумани суди раиси Фаррух Икромов.

Суд раисининг сўзига кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам тўловларни сўндириш учун йўналтирилган бу маблағлар кейинчалик ходимларнинг иш ҳақларидан ушланмай қолиб келинган. Маблағлар Р.Э. ҳамда Э.Р.нинг таълим тизимида мутлақо тегишли бўлмаган ўз яқин қариндошларининг кредит қарздорликларини сўндириш учун ноқонуний равишда кўчириб юборилган бўлган.

Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзгаларнинг кўп миқдордаги мулкини такроран ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда ифодаланган жиноий ҳаракатларни содир этган ҳар икки лавозим эгаси ўз айбига тўла иқрор бўлган. Қилмишидан пушаймондалигини билдирган айбдорлар томонидан давлад бюджетига етказилган зарар тўлиқ қоплаб берилган.

«Бирининг 6 нафар, иккинчисининг 4 нафар фарзанди бўла туриб, ўзгаларнинг ҳақини талон-тарож қилишдан иккиланмаган шахсларга нисбатан суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилишга қаратилган 167-моддаси, 2-қисми қўлланилди.  Ушбу модда билан уларга уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди»,— деди суд раиси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг