Бухорода ўғриликда гумонланган аёл қўлга тушди
Бухоро шаҳридаги хонадонлардан биридаги ўғирлик ҳолати фош этилди, дея «Xabar.uz»га маълум қилмоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.
Таъкидланишича, Бухоро шаҳридаги Кўксарой маҳалласида яшовчи 34 ёшли фуқаро Р.С.нинг яшаш хонадонида ўғрилик юзага келгани оила аъзоларини ташвишга солган.
«Кечликда яқин қариндошимизнинг тўйидан қайтиб, уйимизда содир бўлган ўғриликдан ҳангу манг бўлдик. Ҳаммаёқ остин-устин, кўрпа-тўшаклар, мебеллар ҳар қаёққа сочилиб ётибди. Зудлик билан ички ишлар органларига қўнғироқ қилдик»,—дейди хонадон бекаси.
Шаҳар ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан ҳолат ўрганилганда, номаълум шахс томонидан хонадон эгасининг 6 000 000 сўм пуллари ўғирлангани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жинорят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-техник ва суриштирув ишлари олиб борилган. Бироқ, тергов ҳаракатлари давомида орадан беш ой вақт ўтган бўлса-да, ўзганинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, уни талон-торож қилган шахс топилмаган.
«Куни кеча ушбу жиноятни содир этган шахс аниқланди. У Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида яшовчи 1984 йилда туғилган И.М. исмли аёл бўлиб чиқди. Ҳозирги кунда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда»,— деди ахборот хизмати раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter