Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Босқинчиларга ёш қизлар ёрдам беришди

Босқинчиларга ёш қизлар ёрдам беришди

Жорий йилнинг 7 июнь куни 24 ёшли Ғ.Б. Тошкент тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади.

Унинг қайд этишича, шу куни соат 01:20 ларда «Spark» русумли автомашинасида йўловчиларни ташиш билан шуғулланаётган вақтида, ТХАЙ йўлининг Тошкент шаҳри Юнусобод тумани И.Каримов маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмидан йўловчи сифатида икки нафар номаълум аёл автомашинасига ўтиради. Айтилган манзилга — Қибрай тумани Парвоз маҳалласига олиб борилганида мазкур маҳалладан аёлларнинг таниши бўлган яна икки нафар номаълум эркак автомашинага чиқади.

Уларни «Уч-Қаҳрамон» блок пости яқинидаги ички кўчага олиб борган вақтида, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган икки нафар эркак унга пичоқ ўқталиб, қўллари билан уриб тан жароҳати етказишиб, сўнгра зўрлик билан автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтказишади. Улардан бири автомашина руль бошқарувига ўтириб, иккинчи эркак эса пичоқ ўқталиб ҳайдовчидан «Redmi-5» русумли телефон аппаратини ва қўлида бўлган соатини тортиб олади. Тошкент шаҳар Учтепа тумани ҳудудидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига кирган вақтларида, киракаш автомашинадан тушиб қочишга улгуради.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми «б,в» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда зўрлик ишлатиб транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни 21 ёшли П.Ф. (эркак), 18 ёшли С.М.(аёл), 22 ёшли Н.Б. (эркак) ва 18 ёшли А.Ю. (аёл)лар содир этганликлари ҳамда жабрланувчига тегишли бўлган автомашинани Зангиота тумани Мустақиллик кўчасида жойлашган уйларнинг бири олдида ташлаб кетилганлиги аниқланган ва автомашина кўздан кечирилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур жиноятни содир этган шахслар қўлга олиниб, улардан жабрланувчига тегишли бўлган «Redmi-5» русумли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган, ҳозирда уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда юқоридаги шахслар нима сабабдан ушбу жиноятга қўл урганлиги аниқланмоқда.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг