Бўкадаги мактабда юз берган нохуш ҳолат ўрганилди
Халқ таълими вазирлиги сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда тарқалган Тошкент вилояти, Бўка туманидаги 2-мактабда юз берган нохуш ҳолатни ўрганиб чиқди.
Аниқланишича, мактабнинг 3-синф ўқувчиси Е.В. 2021 йил 19 ноябр куни мактабга бораётганда қор ёғиб, кўчалар сув бўлгани учун оёғи билан сувга тушиб, ҳўл бўлган. Ушбу мактабнинг ёшлар етакчиси мактаб коридорида В.Е.нинг оёғи ҳўл бўлганини кўриб, синф хонасига олиб кирган ва ўқувчини синф раҳбари Феруза Қўшматовага топширган.
Синф раҳбари ўқувчининг саломатлигидан қайғуриб, боланинг уйи мактабга яқин бўлгани сабабли оёқ кийимларини алмаштириб келиш учун уйига жўнатган ва йўлдан ўтказиб қўйган.
Боланинг онаси А.Н. ўғлини оёғи ҳўл ҳолатда уйига қайтиб келганини кўриб, нима бўлганини сўраганида ўғли синфдошлари сувга итариб юборганини, шунинг учун оёғи ҳўл бўлганини айтган. Она ўғлининг оёқ кийимларини алмаштирмаган ҳолда қайтариб мактабга олиб келган ва бақириб жанжал кўтарган. Мактаб маъмурияти дарҳол ўқувчига қуруқ кийим ва пайпоқ бериб, устини алмаштирган.
Синф раҳбари, мактаб психологи, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари онага синф хонасида жанжал кўтармаслигини, синфдан ташқарида муассаса раҳбарияти билан биргаликда бу масалани ҳал қилишни айтган, лекин А.Н. синф хонасидан чиқмасдан ўқувчиларга тазйиқ ўтказиб, жанжални давом эттирган.
Ушбу вазиятдан мактаб директори хабар топиб, туман қўриқлаш хизмати ходимларини чақиртирган, бироқ фуқаро ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам қаршилик кўрсатган.
Вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати аралашувидан сўнг профилактика инспекторининг иш юритувида бўлган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-(туҳмат), 183-(майда безорилик) ва 194 (милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун фуқаро А.Н.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун 2021 йил 9 декабр куни Жиноят ишлари бўйича Бўка тумани судига юборилди.
Шу билан бир қаторда, синф раҳбари Феруза Қўшматовага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддасига мувофиқ педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш ҳолати юзасидан судга мурожаат этиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.
Суд натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter