Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Агентликда алоҳида хавотир уйғотмоқда» — АОКА навбатдаги тажовузкорликка муносабат билдирди

«Агентликда алоҳида хавотир уйғотмоқда» — АОКА навбатдаги тажовузкорликка муносабат билдирди

Андижонда Effect.uz интернет нашри журналисти бир гуруҳ шахслар томонидан калтаклагани, ҳолат юзасидан Бош прокуратура ва Журналистлари ижодий уюшмаси муносабат билдиргани хабар қилинганди.

Мазкур воқеа бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам ўз расмий баёнотини эълон қилди.

«Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига Effect.uz интернет-нашри журналистлари томонидан ўз касбий фаолиятини юритиш жараёнида, уларга нисбатан Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгаши котибияти мудири ва унинг ўғли томонидан куч ишлатиб тан жароҳати етказилгани, уяли телефон аппаратлари яроқсиз ҳолга келгани тўғрисида мурожаат келиб тушди.

ОАВ вакиллари фаолиятига бу каби ноқонуний ва тажовузкор қаршилик қисқа муддат ичида иккинчи бор такрорланаётгани Агентликда алоҳида хавотир уйғотмоқда.

Такроран эслатиб ўтиш жоизки, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасида, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилиниши таъминланиши лозим, 14-моддада эса журналистнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу каби ҳимоявий кафолатлар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида ҳам мустаҳкамланган.

АОКА воқеа тафсилотлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига ҳолатни чуқур ўрганиш орқали қонун устуворлигини таъминлаш бўйича сўровлар юборди. Ишонамизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан воқеликка тегишли ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш учун зарур ишлар амалга оширилади», — дейилади баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг