Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги дори: «Нарxини эшитсанг, ўзинг тузаласан»

Янги дори: «Нарxини эшитсанг, ўзинг тузаласан»

Фото: «Caricatura.Ru»

Бу номи узун дори зап ажойиб экан-да! Қандай касаллик бўлишининг фарқи йўқ, минг дардга даво. Бунинг учун бир нечта ҳиссиётларни ҳис этишнинг ўзи кифоя: Аввалига қаттиқ таажубланасиз, сўнг ўзингизни ноқулай ҳис этасиз, беш дақиқа ўтар-ўтмас асабингиз бузилиб, худди тагидан олов ёқилган қозондек, қонингиз қайнай бошлайди. Бу вақтда имкон қадар ўзингизни қўлга олиб, аксинча, пулингизни йўқотган кишидай кармонингизни титасиз-у, тополмагандек бошингизни сарак-сарак килиб, секин жуфтакни ростлайсиз. Лекин бу ҳали тузалдингиз дегани эмас.

Ўша дори бўлганнинг бутун «авлод»ини йўл бўйи тез айтиш каби «маъноли» сўзлар билан бот-бот такрорлайсиз. Атрофдагиларни ҳам унутиб, юзингиз бўзариб, бир қўлингиз билан пешанангизни қашийсиз, иккинчи қўлингизни эса паxса қилиб, бу ҳолатингиздан ҳайрон бўлганларга олайиб қараб кетасиз. Бундай вазиятда сиз асло қўрқманг.

Бу ҳолат дори танангизга секин-аста таъсир қилаётганини англатади. Дори ҳаммага ҳар xил реакция беради. Масалан, кимнингдир иштаҳаси йўқолса, кимдир таомни тинмай истеъмол қилиши мумкин. Кайфиятингиз кескин тушиб кетганидан ҳам хавотирланманг. Бир уxлаб турганингиздан кейин касаллик ҳам бирдан ёдингиздан чиқади-ю, ҳаммаси яна ўз ўрнига тушиб кетади. Илтимос, дорини қайта-қайта истеъмол қилмасликка урининг, бунинг учун эса дориxонага кирмасликнинг ўзи кифоя! Шундай вазиятда ўзингизни бир гап билан овутинг: «Дардини берган, шифосини ҳам беради»...

Нигина Ҳакимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг