Кампирим йўқолиб қолди
Ички ишлар бўлимига кириб келган Жума ота биринчи дуч келган милиция ходимига мурожаат қилди:
– Улим, кампирим йўқолиб қолди, қачон топиб берасизлар?
Милиция ходими унга ҳайрон бўлиб қаради. Сўнг Жума отани бир хонага олиб кирди:
– Муродов, мана бу отахоннинг аризасини расмийлаштиринг.
– Ассалому алайкум, келинг, – деди лейтенант Муродов. – Аризангиз...
– Ҳурматли Муродип улим, – унинг гапини бўлди Жума ота. – Пойтахтга келувдик, кампирим йўқолиб қолса бўлама!
Муродов қоғозга энгашди:
– Ҳозир ёзиб олай. Хўш, қандай ҳолатда йўқолди? Исм-шарифингизни ҳам айтинг.
– Мен, Муродип улим, Чориев Жума бўламан. Бугун эрталаб йўлга чиқиб эдик. Пойтахтга эсон-омон келдик, Худоға шукр. Кейин яна бир аптавузга чиқдик. Улимди йўқлаб келиб эдик-да! Аптавузда кўзим илиниб қопти. Кўзимни очсам, ёнимда ўтирган капирим йўқ. Шопирдан сўрасам, «билмайман», дейди. Тавба, садағанг кетай, аптавузингга минғандан кейин билишинг керак-ку, қандай одамсан?..
– Қайси автобусга минувдингиз, ота?
– Яшил аптавуз эди. Ёнида кир совунди риклом қилиб ёзиб қўйған. Бир артист аёл риклом қилади-ку, тилвизирға чиқиб турадиган.
Муродов бошини қашлади:
– Яшил автобус, денг? Яшил автобус кўп бўлса!.. Сиз ухлаб қолувмидингиз?
– Ҳа... Кўп ухлағаним йўқ, шундай кўзим илинди. Аптавуз силкинганда кўзимни очсам, кампир йўқ-да! Менга айтмай, индамай тушиб кетган бўлса керак-да!
– Ҳм-м... Унда кампирингиз эмас, сиз йўқолиб қолибсиз-да, ота!
– Менга қара, улим, – овозини пасайтирди Жума ота. – Бу... пойтахтди бобойлари шўх эмасма ишқиб? Битта-иккитаси мошиниға миндириб олған бўлса-я!
Муродов кулди:
– Йўғ-ей, отахон, бунақамас! Жа рашкчи экансиз-а!
– Ҳа, энди кўз очиб топғаним-да, Муродип улим!
– Пойтахтдаги ўғлингиз шаҳарнинг қаерида яшайди?
– Панжини сўраяпсанма? Э, катта дўмда яшайди у. Оиласи билан! Сариқ рангга бўялған дўмда! Дўмди томида кў-ў-ў-п антинналар бор.
– Нечанчи дом? Қайси кўча? Кварталини ҳам айтинг.
– Квартирама?.. Аввал квартираға яшарди, кейин чол-кампир пул жийиб, уй олиб берганмиз. Ўша квартираси яхши эди, осон топардим... Янгисини аниқ адрисини билмайман... Кампир билади-да! Менга айтиб эди, эслаб қолмағанман.
– Телефони борми?
– Ҳа, бор, аммо уйини эслаб қолмаған, пилус-минус билан бошланадиған тилпон нўмирини қаердан эслаб қолардим, Муродип улим? Тезлаштир, менга аввал кампиримни топиб бер! Кейин унинг ўзи улимди уйига олиб боради. Аммо лекин етмишдан ошган бўлсаям, топади кампирим, бало у!
– Ўғлингиз қаерда ишлайди, ота?
– Институтда ишлайди.
– Қайси институтда?
– Қайсида бўларди, истудентлар ўқийдиған институтда-да! Дарс беради. Ўзи кампиримга айтдим, «бунча шошасан, отпускаға чиқса, улингди ўзи болалари билан келади», дедим. Қулоқ солмади-да! «Небараларимни соғиндим», дейди. Нима, мен соғинмайманма? Менам соғинаман. «Бир ўзим бориб-келаман», деб туриб олди. Кўзим қиймай, бирга келиб эдим-да, Муродип улим.
– Так, так, так, – деди лейтенант Муродип яна бошини қашлаб.
– Бир нима дедингма, Муродип улим?
– Кампирингизнинг исм-фамилияси?
– Норчучук! Фамилияси эсда қоған, дейсанма?!
– Юз кўринишини айтинг.
– Юз кўринишима? Шу... бетини фақат ажин босиб, бужмайиб-буришиб кетған. Билагида ошқовоқдай нори бор. Оғзида биттаям тиши қолмаған, лекин тили бир қарич.
Лейтанант Муродов нима қиларини билмай, ўзининг ҳам юзи буришиб кетди. Сўнг бошлиқнинг ҳузурига кириб, Жума бобо ҳақида хабар қилди.
* * *
Сабоҳат қайнонасини қучоқ очиб кутиб олди. Дастурхон ёзди. Бироз гаплашиб ўтиргач, қайнотаси ҳам бирга келгани, аммо қаердадир ғойиб бўлганини эшитиб, оғзи Тешкитошнинг ғоридай очилди-қолди. Сўнг тезда эрига қўнғироқ қилди.
Ҳаял ўтмай, уйга Панжи кириб келди. Онаси билан қучоқлашиб кўришди:
– Хуш кепсиз, эна? Тинчмисиз? Бардаммисиз? Нега бир оғиз айтмай келяпсизлар? Ўзим кутиб олардим.
Норчучук момо қўл силтади:
– Э, отанг қўймади. «Сурпирис қилиб борамиз», деди. Мана энди ўзи сурпирис бўп йўғалиб қолди.
Панжи ишонқирамай сўради:
– Ростдан ҳам отам билан келувмидингиз, эна?
– Ҳа, астановкаға етғандан кейин, «Чол, келдик», деб туртдим. Аптавуз юриб кетмасин, деб тезғина тушиб, анча ерга борғач, қарасам, отанг йўқ. Ё астановкада йўқолған, ё аптавузда кетиб қоған.
– Бу нима деганингиз, эна? – қизишди Панжи. – Шаҳарга олиб келгандан кейин бундай қўлларидан ушлаб юриш керак эди-да!
– А?.. Қишлоқда ушламаған шаҳарға кеп, қўлини ушлайманма? Қизиқ гапларни гапирасан. Сенлар у, ҳамманинг олдида падрушка қип кетадиған.
– Уф, пойтахт катта бўлса, энди отамни қаердан излаймиз?
– Э, отангди бўри еб кетармиди? Топилади, кўрасан!
Сабоҳат сўради:
– Қайси автобусга минувдиларинг, эна?
– Яшил аптавузға! Лекин бурноғи сафар дўмларингди ёниға тўхтаб эди, энди учта кўча нарида тушириб кетди. Ўзим ҳам адашиб қолиб, зўрға топдим, келин.
– Қўлларида телефон борми?
– Э, чол одам тилпонни тушунама?.. Менимча, у аптавузда ухлаб қоған-ов! Уйдаям карис сериали бошланғандан ухлаб қоларди, кейин тугаганда уйғонарди. «Нима бўлди, айтиб бер», деб бошимни қотириб, нервимға тегарди.
Панжи ошхонага ўтди, сўнг томоқ қириб, хотинини чақирган бўлди. Сабоҳат дик ўтиб ўрнидан турди-да, эрининг олдига шошилди.
– Нима қиламиз? – деди асабийлашиб Панжи. – Шаҳарда буларга бало бормиди, а? Пенсиясини олиб, индамай ўтирмайдими?
Сабоҳат кўрсаткич бармоғини лабига босди:
– Ҳой, секинроқ, энангиз эшитиб қолади!
– Э, энам ҳам... Бу... отам телефон рақамимизни билмаса керак-а?
Сабоҳат бош чайқади:
– Сўрадим. Энам минг марта айтибди, охиригача айтгунча бошидаги рақамлар эсидан чиқиб кетаверибди. Энам қоғозга ҳам ёзиб берибди. «Қайнотанғиз кесак тополмай, ишлатиб жубарған», дейди.
– Мен милицияга кетдим, Санобар! Тўхта, отамнинг фамилияси нима эди?
Сабоҳат елка қисди. Панжи ўшқириб берди:
– Бир балони билмайсан. Бор, энамдан сўра!
Норчучук мома ҳам «бир бало»ни билмаскан.
– Шу ёшга кириб, отангизди памилясига ишим тушғани йўқ, – деган овози келди унинг. – Э, бунча хавотирланасизлар? Топилади шу чол! Йўқолса, шу пайтғача тузук-қуруқ йўқоларди-да! Ундан кўра, боғчадан небараларимди опкелинглар. Уларға қурут апкеғанман.
Ошхонада у ёқдан-бу ёққа юраётган Панжи бу гапдан янада жиғибийрон бўлди. «Энам нега ўйламайди? – деди хуноб бўлиб, кўнгил – душман-да, дарров нохуш ўй ичини тирмалаб ўтди Панжининг. – Шошма, энам отамни атайин адаштириб юборган бўлса-я!..»
Кеч тушиб борар, Панжи эса милиция бўлинмасига нима деб мурожаат қилишни ўйлаб, боши қотган эди. Бу орада Сабоҳат боғчага бориб, икки ўғлини олиб келди.
– Дада, бобом йўқойиб қоптияйми? – деб сўради Фазлиддин кўзларини катта-катта очиб. – Каттаяй ҳам йўқоядими?
Панжи бу гапдан баттар сиқилиб, онаси ўтирган хонага кирди:
– Эна, автобусдан тушган бекатингиз қайси томонда эди?
– Марўжний сотадиған астанопка эди. Бир шир яланғоч ўрис аёл апчарка кучуги билан туриб эди... Сенам калламди қотирдинг-да. Топилади шу отанг, дедим-ку!
– Уч кўча нарида, дедингизми? Бу атрофда бекат кўп, қаердан топамиз?! Айтинг-да тузук...
– Бўлди, жағимди оғритиб юбординг, – тумтайди кампир. – Отанг керак бўлса, ўзинг топиб ол!..
* * *
Майор Зайниддинов Жума отанинг узундан-узоқ гапини эринмай эшитди. Сўнг Муродовга ўхшаб бошини эмас, иягини қашлади. Шу аснода Жума отага тикилиб турди.
– Бу ерда ияк қашлаб ўтирғандан фойда йўқ, кампиримди топиш керак, – деди Жума ота чидай олмай.
Зайниддинов диққат бўлди:
– Пойтахтда қанча одам яшашини биласизми, ота? Яна қанча киши кириб-чиқади.
– Менинг кампирим ҳаммасидан ажралиб туради, Зайниддинип улим.
– Кампирингиз аллақачон ўғлингизнинг уйида бўлса керак. Ким, дедингиз, Панжими? Ўзи излаб қолар, а? Қайси туманда яшайди?
– Тошкентда, дедим-ку!
– Қайси туманида, о-та-хон? Чилонзорми, Себзорми, Мирободми?
– Сенам роса эзма экансан-да! Сўрайверасан, сўрайверасан. Сариқ домда яшайди, дедим-ку! Падйездини кўкка бўяб қўйған. Учинчи этажида лампичкаси куйған эди, ҳозир алмаштирганма-йўқма, билмайман.
– Отахон, нега жаҳл қиласиз? Ўғлингиз ишлайдиган жойни аниқ билмасангиз! Уй келинингизнинг номига олинган экан! «Ўғлим паспиртини алмаштириб эди», дедингиз. Келинингизнинг отини сўрасам, «ўртанча келин», десангиз.
– Ўртанча келинди ўртанча, дейди-да! Отини бошимга ураманма? Сен менга кампиримди топиб бер, келин билан ишинг бўлмасин.
– Қандай топиб бераман? Тузилишини айтинг-да бундай! Фотороботини қилиб, запрос юборамиз.
– Работға юборасанма?
– Отахон, бир дақиқа, – Зайниддинов шундай деб ён томондаги турнақатор телефонлардан бирининг гўшагини кўтарди: – Алё, навбатчи Қўлдошев... Эшитяпсанми, ҳамма ҳудудларга хабар юбор, етмиш ёшли кампир қишлоқдан келиб, йўқолиб қолган... Норчучук мома, дегин... Фамилиясини билмайман... А?.. Сен етказавер, бор маълумот шу!.. Айтгандай, Қўлдошев, шаҳар транспорт бошқармасига ҳам...
– Зайниддинип улим, – деди Жума ота ўрнидан туриб.
– Ҳа, уларга ҳам мурожаат қилишсин. Нима?.. Навбатчиси ўтиради-ку барибир! – Зайниддинов гўшакни қўйиб, Жума отага юзланди: – Гапиринг, ота, яна нима гап? Ё бирорта тафсилот эсингизга тушдими?
Жума ота ён-атрофга қараб олди-да, секин сўради:
– Зайниддинип улим, бу... тувалитларинг қаерда? Заҳар танг қип қолди.
Майор ўрнидан турди ва «юринг» ишорасини қилиб, Жума отани ортидан эргаштирганча хонадан чиқди. Отахон у ерда узоқ қолиб кетишини қаердан билсин! Зайниддинов навбатчига тайинлай, деса, чолга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Кутиб тураверди.
Ниҳоят Жума ота чиқди. Кейин яқин орада чойхона бор-йўқлигини сўради.
– Чойхонани нима қиласиз? – қошини чимириб сўради Зайниддинов. – Қўйинг, яна йўқолиб қоласиз!
– Зерикиб кетдим, нос чакиб, оёқни чўзишгаям мундайроқ жой йўқ, – деди Жума ота. – Аттанг, Тойир жўрамди опкемабман-да, гурунглашиб ўтирардик... Айтгандай, кампирим топилмадима?
Зайниддинов тишини тишига босди:
– Топилади, отахон, топилади.
– Сенинг хотининг йўқолмаған-да, тушунмайсан! Бу ерда қаққайиб тургунча, бориб қидирсанг бўлмайдима?
– Э, қизиқ одам экансиз, – деди Зайниддинов, сўнг қўли билан ташқарига ишора қилди. – Сизга чойхона керакми?.. Ҳозир чиқиб, тўғрига юрасиз, кейин чап томонга ўтасиз. Чойхона ўша ерда. Бирорта чорпояга чиқиб, дам олиб туринг. Мома топилса, ўзим олдингизга олиб бораман.
– Тезроқ топ! – Жума ота шундай деб, ҳассасини дўқиллатганча кўчага чиқиб кетди.
Зайниддинов унинг орқасидан қараб қоларкан, яна иягини қашлади. Бироз турди-да, ўзининг ҳам чапанилиги тутиб, «уккағар чол боплади», деди ва хонасига йўл олди.
* * *
Панжи милицияга мурожаат қилишдан кўра, бекатга боришни мўлжаллади. Аммо қайси бекатга боришни билмасди. Тўрт томонда тўртта бекат бор-да!
– Энамга отам керак эмас, – деди бўғилиб у. – «Бу ернинг кампирлари ёмон, чолларни олиб қочиб кетади», десам ҳам пинагини бузмайди. «Отангди кўрса, уларди ўзи қочиб кетади», эмиш! «Отанг керак бўлса, ўзинг қидириб топ», – дегани-чи!
Ғира-ширада икки кишининг шарпаси кўриниб, ҳассанинг дўқиллаётганини эшитган Панжи қувониб кетди. Ҳа, кимдир отасини бошлаб келяпти. Панжи ўша томонга югуриб борди:
– Ота, қаерларда юрибсиз?
Иккала шарпа тўхтади. Панжи уларга янада яқин келиб, юзларига разм солди:
– Ота, сизмисиз, мен – Панжиман.
– Э, бу менинг отам, – деди чолнинг ёнидаги йигит. – Ота, ўзингиз айтинг.
– Ҳа, ҳа, – жавоб берди чол, – менинг Панжи деган ўғлим йўқ.
Йигит минғирлади:
– Қоронғида дуч келганни ота деявераркан-да!
Панжи узр сўраб, улардан узоқлашди. Бекатга томонга ошиқди. «Нега отамнинг фамилисни билмайман? – деди ўзидан ёзғириб. – Наҳотки эсимдан чиқиб кетган бўлса? Э, энам билмайди-ю, мен қаердан билардим? Одамнинг иши тушмаса, фамилия-мамилия билан қизиқмаскан-да!.. Ота, отажон, қаердасиз?»
Бекат ўринидиғининг тагида кимдир узала тушиб ётган экан. Панжи яна югурди.
– Ота, ота...
Узалаб тушиб ётган одам қимирлаб қўйди:
– Ҳиқ... қуй, эллик қуй...
Панжи қолган учала бекатниям кўриб чиқди, Жума ота йўқ эди. Бир-иккита йўловчидан сўради, улар елка қисишди.
«Энди милицияга мурожаат қилмасам бўлмайди, – ўйлади у. – Тўхта, аввал Ҳамроқулга телефон қилай, балки отам қишлоққа қайтиб боргандир...»
Укасига телефон қилди:
– Алё, Ҳамроқул, салом, яхшимисан? Отам...
– Ака, сизма? – деди Ҳамроқул. – Чол-кампир эсон-омон етиб боришдима? Э, булар тинч юрмайди-да...
– Менга қара, отам бормадими қайтиб?
– Шу ёшда асал ойига пишириб қўйибдима, денг? Хи-хи-хи!
– Ҳамроқул, мен сендан отам қишлоққа қайтмадими, деб сўраяпман.
– Ия! Нега қайтади? Тинчликма? Шуйтиб гапирманг-да!
Панжи ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди:
– Отам йўқолиб қолди, Ҳамроқул! Ҳеч қаерда йўқ.
– Нималар деяпсиз, ҳазиллашманг. Отам йўқоладиган одам эмас-ей!..
– Сен хотининг билан ҳиринг-ҳиринг қилгунча менга телефон қилиб қўйсанг ўлармидинг? Ўзим кутиб олардим-ку!
– Отам, «уларга айтма, овора қип қўямиз», деди-да! Ёпирай, қаерга йўқолади? Отам... энам билан кетган эди-ку! Энам қаерда?
– Энам уйда, – ҳиқиллади Панжи, – отам йўқ!
– Ёпирай, аразлашиб қолишиптима? Мен минг марта айтдим, «ота, эна, шу ерда тинчгина ўтиринглар», дедим. «Сен, тирранча, менга қаерда ўтиришди ўргатма», деб отам ҳассасини кўтариб қувди. Йўқолишини билганимда таёқ еб бўлсаям олиб қолардим, ака! Мен қаердан билай! Ўзи ҳаммасига сиз сабабчисиз! Шаҳарда қолиб, бало бормиди? Қишлоққа қайтиш керак эди. Тошкандда қолмаганингизда отам ҳам йўқолмасди.
Панжи телефонини ўчирди. Сўнг теварак-атрофга разм солди: «милиция бўлинмаси қаерда эди?..»
Кўзи тушмади. Дуч келган йўловчи машинага қўл кўтариб, яқин орадаги мелисахонага элтиб қўйишни сўради.
– Хўш, нима гап? – сўради навбатчи милиция ходими.
– Бир кишини йўқотиб қўйдим, – ҳовлиқди Панжи. – Тез топишим керак.
Навбатчи ариза ёзиш кераклигини айтди. Панжи шошганидан ғадир-будир қилиб ёзиб ташлади. Навбатчи қоғозга кўз югуртириб, ҳеч нимани тушунмади.
– Эҳе, терапевт дўхтирларнинг рецептига ўхшаб қолибди-ку! – деди у. – Мана бу ерда нима дегансиз? «Жума куни йўқолган»ми?
– Йўқ, отамнинг исмини ёзганман. Йўқолган киши отам бўлади. Жума ота!
– Фамилиясини ёзмагансиз, шекилли?
– Чориев, – деди Панжи энди эсига тушиб. – Ҳа, Чориев Жума.
– Ўзингизнинг исм-шарифингиз?
– Жумаев Панжи... Сурхондарёда шундай... Тезлаштирайлик, командир, илтимос.
Навбатчи телефон гўшагини кўтариб, кимлар биландир гаплашди. Бош ирғаб турди. Кейин чеҳраси ёришиб, «раҳмат», деди-да, гўшакни қўйиб, Панжига юзланди:
– Тўртинчи бўлинмага чопинг. Икки чақиримча келади. Стоматология шифохонасининг ёнида.
Панжи қийқириб юборди:
– Барака топинг, ака!
Жума ота тўртинчи бўлинмада ҳам йўқ эди. Навбатчи кулимсираб деди:
– Ҳа, сизнинг отангизми? У киши чойхонада! Ҳамкасбларнинг ҳаммасини қўярда-қўймай чақириб олди...
Панжи чойхона томонга учди. Чойхонага етар-етмас, отасининг овози қулоғига чалинди:
– Кейин бойнағини жағидан шуйтиб ушладим-да, битта солдим. Ариққа дўмалаб тушди. Қўймичиға экки тепдим. «Сен, – дедим, – қишлоғимизди молини ўғирлайдиған бўлдингма?» – дедим. Мелисахонағача тепиб бордим.
– Ота, – бақириб юборди Панжи.
Бир товоқ ош қўйилган чорпоядаги дастурхон атрофида милиция ходимларини оғзига қаратиб ўтирган Жума ота «ялт» этиб қаради. Ўғли билан кўришаркан, «мана шу ошди еб, кейин кетамиз», деди. Кейин ҳамма билан таништирди. Улар туришга рухсат сўрашганида қўймади:
– Яна ярим соат ўтирсаларинг, ҳеч нима қилмайди. Юртимиз тинч, Худоға шукр!
Ҳамроқул сим қоқиб қолди:
– Ака, мен ҳамма қариндошларға айтиб чиқдим. Ҳозир бир автобус бўлиб йўлға чиғаяппиз. Эрталабғача бўлсаям топамиз отамни.
– Отам ёнимда, – деди Панжи кулиб. – Биз ош еяпмиз...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter