Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чол ва хўроз (ибрат)

Чол ва хўроз (ибрат)

Фото: od-press.uz

Кун иссиқдан-иссиқ бўлди. Тошбой чол ҳовлидаги бир туп ток таги – чорпояда ёстиққа ёнбошлаган кўйи ўтирар, кафти билан кўзини қуёшдан тўсиб, ҳовли тўрига қур-фур сер солиб, ҳар-ҳар замон ихраб-ихраб қўярди. Унинг икки-уч кундан бери мазаси йўқ – оёқлари ўзига бўйсунмас, ҳоли забун, айни пайтда соя жойга-да етолмас, ҳам бир пиёла сувга зор бўлди.

Чолдан бошқа ҳовлидаги бор тирик жонзот – икки дона чипор товуқ чорпоя четида очиқ қолган дастурхондаги ушоқларни еб, қаттиқ нонни чўқишар, тез-тез бош кўтаришиб, чол тарафга қараб-қараб қўйишар, чолнинг қўл сермаб-қўл сермаб, базўр айтган «кишт-кишт»лари бенафу-бесамар бўлди.

Айни дам иссиқдан лоҳасланиб, лаблари қуриқшаган чол товуқларга қараб ўй сурар, хаёлан уларга гина-ю кудурат қилар бўлди: «Эҳ, сенлар-а, ўз эркларинг ўз қўлларингда, оёқларинг бутун бўлса, сувдондаги сувдан ичиб, соя-салқин катакларингда ётмайсанларми ма-аза қилиб, то соя-салқин тушгунча, занғарлар...»

...Чолнинг хаёли ёшлиги – ўт олов чоғларига кетди. Катта уйнинг кенжаси ва эркаси – Тошбой тиниб-тинчимас, ҳам ўта қайсар эди. Отаси ҳаётлигида унга кўпдан-кўп насиҳатлар қилди. Тошбойнинг жавоби эса  оғизда «хўп-хўп» бўлди. Амалда манави товуқлар каби қулоғига гап кирмас бўлди.  Уйланди ҳам ўзгармади, хотин қўйиб-хотин олиш унга бир оддий гапдай бўлди. Ота-онасининг ризо-норизолигига мутлақ бефарқ-беэътибор бўлди.

Кунлардан бирида ароқдан кайфи тарақ ўтирган Тошбой қайноғасининг келганини хушламай, унинг бор-йўғи насиҳатомуз айтган гапини ҳазм қилолмай, жанжаллашиб, зўрлигини унга кўрсатиб кўйди, жаҳл устида хотинини-да дўппослади ҳамда «талоғини қўлига тутқазиб» юборди. Натижа – бир неча йиллик умри қамоқхонада ҳайф бўлди.

Чол ўтган ҳаётини бир-бир кўз ўнгидан ўтказаркан, ўша иккинчи хотинининг ўта «рашкчи» бўлгани эсига тушди. Ўзича таъмиз қилди: нега товуқлар хўрозни бир-биридан рашк қилмайди? Сўнг: бу – товуқ, у – хотин деди, товуқда мия йўқ, хотинда мия бор, ўй бор, ҳис бор. Унда «товуқмия» демиш гап-чи? Хотиннинг ўз эрини рашк қилиши ўринлими? Ўринли. Хотинни урганим...

Чолнинг хаёлини, «па-app» этиб чорпояга чиқиб келган хўроз бўлди. Хўроз хўрозлигини қилди, бир икки марта товуқларга хезланиб, гўё дўқ-пўписа қилган бўлди, сўнг тумшуғига бир бўлак қотган нонни илганча тап этиб тушиб кетди.

Пастга тушиб олган хўроз, нон бўлагини ерга ташлаб, гўё: «бери кел, баринг кел» дегандай, қисқа-қисқа «қооқ-қоқ, боқ-боқ-боқ» дея товуш бериб чақирар – чорлар бўлди. Чипор товуқларга қулоқ битиб, бирин-кетин пастга тушишди. Чол ҳайрият-е, деди, ҳам «Э-баракалла!»  дея хўрозни алқар бўлди.

Сўнг... сўнг қизиқиши ортиб, ёстиқдан сал бош кўтариб қарар бўлди. Бир бурда нон бўлаги атрофида жамланган бир хўроз, икки товуқ ва чорпоя тагидан чирқиллаб чиқмиш беш-олтита ола чипор жўжаларни кўриб, кўзларига ишонар-ишонмас бўлди.

Ўйланиб туриб, ўсалдан-ўсал бўлган чол туриб-туриб: «Ваҳ, буни қара-буни қара», демиш бўлди. Сўнг: «йўқ-йўқ», деди, «товуғ-у хўрознинг мияси бор, мияси бор», деди. Ўйланиб-ўйланиб: «Шу товуқларда бор мия аслида менда йўқ», деди. Ўзидан-ўзи хафа бўлди.

Яна, паст-бўғиқ овозда, ўзига ўзи: «Қара-я буларнинг аҳллигини, миясининг ишлагани-чи? Хўроз мендан истиҳола қилгандай, нон бўлагини пастга олиб тушди, сўнг хотинларини... йўғ-э, товуқларни пастга чиқарди, жўжаларини ўйлаганини қара...  Қара, Тошбой, қара – кўр буни», демиш бўлди.

Алал-оқибат, чолнинг иши уҳ тортиш, ўзини ёзғириш бўлди: «Э, Тошбой, суф сенга, хўрозман деб юраверибсан-у, асли шу бир «Бобоқ»ча бўлмабсан, уч хотиндан туғилган беш фарзандга шу хўрозча  меҳрибонлик қилмабсан, уларга нон топиб ейишни-да ўргатмабсан-а... Энди оқибатини кўр, кимга айландинг, бугун кимга керакcан? Биринчингдан туғилган тўнғичинг борди-келди қилмайди, иккинчингдан кўрган боланг эл кўрингга бир-бир хабар олган бўлади, иккита нон кўтариб зўрға оёғини судраб келиб, индамай ўтириб-ўтириб, «майли, эса мен кетдим», дейдию кетади. Ҳол-аҳвол, бир нима керакми, деб сўраш йўқ, худди бегонадай: на бир яқинлик, на бир илиқлик бор. Турмушга чиқиб кетган икки қизингдан-ку хабар ҳам, дарак ҳам йўқ...

А-ҳа, Тошбой, қайтар дунё экан, қара-я, вақтида ота-онангни норози қилганинг бугун олдингдан чиқди, фарзандларингдан қайтди, бировданмас ўзингдан ўпкала...

О-о, Тошбой, Тошбой... Ҳалиям шукр қил, онаси қазо қилгач, кунингга кенжа қизинг яраб турибди, кунда бир келиб хабар олади, «қандайсиз» дейди, «овқат еб олинг» дейди, «кийимларингизни алмаштириб кийиб олинг», дейди.  Сўнг илож-ноилож у ҳам «ота, мен кетдим, борақолай» дейди, «Ўз уйим-ўлан тўшагим» дейди-да... Уззу кун тўрт уй наридаги қизингнинг йўлига кўз тикиб ётишдан бошқа чоранг йўқ энди...».

Чол бир ўзи ҳувиллаган ҳовлида, учи-қуйруғи йўқ хаёлларга банди бўлиб, афсус чекиб: «Уҳ, Тошбой, бир хўрозча бўлолмаган Тошбой...», дея ўтган умрини сарҳисоб қила-қила, хатосини англагандай ва ниҳоят, «нима эксaнг, шуни ўрасан», деган нақлнинг нақадар ҳақлигини билгандай бўлди.

Холмўмин Ёдгоров

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг


    Изоҳлар мавжуд эмас