Турмада ўтирган собиқ президент иккита ҳақиқатни айтди
Бразилиянинг коррупцияда айбланиб 12 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силва «TVT» телеканалига берган интервьюсида мамлакат терма жамоасининг ЖЧ-2018 даги ўйинидан норозилигини билдирди. Бу ҳақда «Life.ru» хабар берган.
— Тўғрисини айтсам, биз яхши ўйнамадик, рақиб эса нима қилиши керак бўлса, буни ошиғи билан уддалади, — деди Лула да Силва.
У 22 июнь бўлиб ўтадиган ўйинда коста-рикаликларни менсимасдан тўп суриш ҳам қимматга тушиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Қолаверса, собиқ президент Португалия терма жамоаси етакчиси Криштиану Роналдунинг ажойиб ўйини ва Германиянинг Мексикадан мағлубиятини ҳам эслаб ўтди: «Иккита ҳақиқат биринчи турдаёқ исботини топди: Германия енгилмас эмас, Роналду эса юлдуз футболчилар орасида ҳақиқатан ҳам шу номга лойиқ».
Эслатиб ўтамиз, Бразилия федерал олий суди 2018 йилнинг апрель ойида Лула да Силвани коррупцияга оид жиноятлари учун 12 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Кейинчалик, гарчи қамоқда бўлса-да, ашаддий футбол мухлиси саналган собиқ президент ЖЧ-2018 ўйинларини шарҳлаб бориши ҳақида ОАВда хабарлар пайдо бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter