Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЖЧ-2018. Бразилия плей-оффда Германияни танлайдими ёки... «E» гуруҳи анонси

ЖЧ-2018. Бразилия плей-оффда Германияни танлайдими ёки... «E» гуруҳи анонси

Фото: «fifa.com»

Жаҳон чемпионати доирасида бугун «F» ва «E» гуруҳида якунловчи 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Бироз аввал «F» гуруҳи анонсини тақдим қилгандик. Қуйида «E» гуруҳидаги ҳолат билан таништирамиз.

27 июнь. 3-тур.  «E» гуруҳи. Сербия – Бразилия

Сербия ўтган турда Швейцариядан сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориб, мағлуб бўлди. Энди улар гуруҳдан чиқиш учун мундиалнинг асосий фаворити — Бразилияни мағлуб этишлари лозим. Серблар дуранг ҳолатида ҳам чиқиши мумкин, аммо бунда уларнинг тақдири иккинчи жуфтлик натижасига боғлиқ бўлиб қолади. Аниқроғи, бунинг учун Швейцария терма жамоаси Коста-Рикага икки тўп фарқи билан мағлуб бўлиши керак.

Бразилия терма жамоаси ҳозирча ёрқин ўйин намойиш этгани йўқ. Қолаверса, таркибда йўқотишлар ҳам бор: Данило ва Дуглас Коста жароҳат сабаб жамоага ёрдам бера олмайди.

Тахминий таркиблар

Сербия: Стойкович – Иванович, Миленкович, Тошич, Коларов – Миливоевич, Матич – Тадич, Милинкович-Савич, Льяич – Митрович.

Бразилия: Алиссон – Фагнер, Тиаго Силва, Миранда, Марсело – Паулиньо, Каземиро, Коутиньо – Виллиан, Жезус, Неймар.

Қизиқарли фактлар

Сербия (Югославияни ҳам ҳисобга олганда) ва Бразилия  ЖЧда 4 бора дуч келишган. Натижаларда мутлақо тенглик: ҳар бирида биттадан ғалаба ва икки дуранг.

Бразилия барча турнирларни ҳисобга олганда, 13 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмаяпти, бу ўйинларда жамоа бор-йўғи 3та гол ўтказиб юборган.

27 июнь. 3-тур.  «E» гуруҳи. Швейцария – Коста-Рика

Коста-Рика турнирни тарк этиб бўлди. Бироқ Швейцарияни енгган ҳолда чиқиш эшикларини қаттиқ ёпиб кетиши мумкин. Бироқ шу ҳолатда ҳам швейцарларда гуруҳдан чиқиш эҳтимоли бор, агар параллел учрашувда Бразилия ғалаба қозонса.

Жамоа етакчиси Шакири ва жамоадошларининг шашти ҳозир жуда баланд. Улар нафақат турни ғалаба билан якунлаш, балки гуруҳ пешқадами бўлиш учун ҳам майдонга тушишади.

Тахминий таркиблар

Швейцария: Зоммер – Лихтштайнер, Шер, Аканджи, Родригес – Бехрами, Джака – Шакири, Дземаили, Цубер – Гавранович.

Коста-Рика: Навас – Акоста, Гонсалес, Дуарте – Гамбоа, Боргес, Гузман, Кальво – Руис, Венегас – Уренья.

Қизиқарли фактлар

Жамоалар ўзаро учинчи ўйинини ўтказишади. Бунгача улар биттадан ғалаба алмашишган.

Коста-Рика ЖЧнинг сўнгги беш ўйинидан буён ғалаба нималигини билмаяпти, жамоа бу ўйинларнинг тўрттасида гол ҳам ура олмаган.

Плей-оффдаги рақиб танланадими?

Ушбу «E» гуруҳидаги учрашувлар бошлангунига қадар «F» гуруҳидаги ўйинлар якунланган бўлади. Германия, Мексика ёки Швеция қайси ўринларни олгани ойдинлашади. Демак, «E» гуруҳи вакиллари нимчоракда ким билан ўйнашини қайсидир маънода танлаши ҳам мумкин. Дейлик, Германия «F» гуруҳида 1-ўринни олса, «E» гуруҳи 2-ўриндаги жамоаси билан ўйнайди, ёки аксинча. Хўш, Бразилия шу босқичданоқ Германияга дуч келишни истайдими? Ўтган сафарги мундиалдаги шармандали ҳисобни бразилияликлар унута олишганми? Ёки реванш олиш учун ҳозир айни қулай фурсат деб ҳисоблашадими? Буни ҳам кузатиш қизиқ бўлади.

Учрашувлар вақти

23:00   Сербия - Бразилия

23:00   Швейцария - Коста-Рика

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг